Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, вазирликлар ва идораларнинг ички аудит хизматлари томонидан ўтказиладиган масофавий аудит тадбирларининг кўлами ва сифатини ошириш, ички аудит хизматларининг хавфларни аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш имкониятларини кенгайтириш ва самарадорлигини ошириш тадбирлари кўрилмоқда.
Бундан ташқари, 2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида ҳам Давлат бюджети харажатлари самарадорлигини янада ошириш ва давлат молиявий назорати органлари фаолиятини такомиллаштириш белгиланган.
Мазкур қонун лойиҳаси билан туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш тўғрисидаги маълумотларни ўз расмий веб-сайтлари ҳамда “Очиқ бюджет” ахборот порталига жойлаштириш назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, молиявий назоратни такомиллаштиришга, бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлашга хизмат қилади. Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинган.
Апрель ойининг охирларида Ҳисоб палатаси давлат идоралари томонидан ўз расмий веб-сайтларига бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлайдиган ахборотнинг жойлаштирилиши бўйича 2022 йил хулосаларини тақдим этганди. Маълум қилинишича, 2022 йил II чорак якунлари бўйича ушбу йўналишдаги ишлар ҳолати республиканинг 208 та туман ва шаҳар ҳокимликлари кесимида ўрганилган. Натижада 44 та ҳокимлик маълумотларни тўлиқ жойлаштиргани, 5 таси – тўлиқ жойлаштирмагани ва 159 таси – умуман жойлаштирмагани аниқланган.
Изоҳ (0)