Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев тошкентлик сайловчилар билан учрашув чоғида келгуси етти йилда пойтахтни “яшиллаштиришга” оид режалар ҳақида тўхталди.
“Бугунги кунда пойтахтимизда яшил майдонлар 900 гектарни ташкил қилади. Келгуси етти йилда бу ҳудудни 5 баробар кўпайтириб, 5 минг гектарга етказамиз”, — деди номзод.
Шавкат Мирзиёев бунинг учун шаҳар бўйлаб ҳар йили камида 1 млн дона манзарали, мевали кўчатлар ва қаламчалар экилишини айтди.
Шунингдек:
- ҳар бир маҳаллада 1 мингтадан дарахт кўчатлари экиш ишлари давом эттирилади;
- Яшнобод, Янгиҳаёт, Сергели ва Мирзо Улуғбек туманларида 4 минг гектар майдонда яшил ва “тематик” боғлар барпо қилинади.
Бундан ташқари, шаҳар бўйлаб 100 километр велосипед йўлаклари, 32 та сайилгоҳ, 30 та яшил ҳудуд ва хиёбонлар барпо қилинади.
Номзоднинг таъкидлашича, Янги Тошкент ҳудудида умумий майдони 35 гектар бўлган сунъий кўл ташкил қилиниб, одамларимизнинг маданий ҳордиқ чиқариши учун барча шароитлар яратилади.
Изоҳ (0)