Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Семипалатинск ядровий хавфсизлик зонаси пайдо бўлиши тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.
Тўқаев “Семипалатинск ядровий хавфсизлик зонаси тўғрисида”ги ва “Айрим қонун ҳужжатларига Семипалатинск ядровий хавфсизлик зонаси, экология ва электроэнергетика масалалари бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунларни имзолади.
Қонун нормаларига мувофиқ, собиқ Семипалатинск ядровий полигонида ядровий хавфсизлик зонасини яратиш режалаштирилган.
Ушбу зона ядровий ва радиациявий хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, собиқ ядро полигони ҳудудини реабилитация қилиш мақсадида ташкил этилган.
Комплекс экологик экспертиза ва давлат экологик экспертизаси натижаларига кўра, ифлосланган участкаларда ихтисослаштирилган зона ташкил этиш режалаштирилмоқда.
“Семипалатинск ядровий хавфсизлик зонаси тўғрисида”ги қонун қуйидагиларни назарда тутади:
- собиқ Семипалатинск полигони ва унга туташ ҳудудларда ортиқча радиоактив ифлосланишга учраган ерларда махсус зона – “Семипалатинск ядровий хавфсизлик зонаси”ни яратиш;
- радиоактив ифлосланиш тарқалишини чеклаш;
- синов полигони ҳудудида радиоактив чиқиндиларни йиғиш ва йўқ қилиш орқали Семипалатинск ядровий хавфсизлик зонаси ҳудудини қайта тиклаш;
- Семипалатинск ядровий хавфсизлик зонаси ҳудудида радиоактив ифлосланиш даражасини доимий мониторинг қилиш.
Изоҳ (0)