Twitter фойдаланувчиларнинг кунига ўқиши мумкин бўлган твитлар сонини вақтинча чеклади. Бу ҳақда ижтимоий тармоқ эгаси Илон Маск маълум қилди.
Эндиликда оддий аккаунтга эга фойдаланувчилар кунига 1000 тадан кўп бўлмаган хабарларни ўқий олади. Янги аккаунтлар учун лимит кунига 500 та твит бўлади. Верификация белгисига (“Кўк галочка”) эгалар учун бу кўрсаткич 10 мингта хабарни ташкил қилади.
“Кўк белги”ни сотиб олиш ойига 8 доллар, iPhone фойдаланувчилари учун эса 11 доллар туради.
Маск дастлаб твит ўқиш бўйича қаттиқроқ чекловлар киритган, бироқ хабар эълон қилинганидан кейин бир неча соат ичида уларни ўзгартирган.
Унинг сўзларига кўра, мазкур чора маълумотларни йиғиш ва тизимни манипуляция қилишнинг “экстремал даражаси”га қарши курашиш мақсадида жорий этилган.
У тизим манипуляцияси деганда нимани назарда тутганига аниқлик киритмаган.
“Бизнинг шунчалик кўп маълумотларимизни олишдики, бу оддий фойдаланувчилар учун хизмат кўрсатиш сифатини ёмонлаштирди”, — деди Маск ва бу “вақтинчалик фавқулодда чора” эканини билдирди.
Маск маълумот тўплаш орқали нимани назарда тутаётгани аниқ эмас. Эҳтимол, гап сунъий интеллект билан ишлашга ихтисослашган компаниялар томонидан, шу жумладан Open АI ChatGPT ва Google Bard каби чатботлар учун фойдаланиладиган катта ҳажмдаги маълумотларни автоматик ҳисоблаш ҳақида кетмоқда.
Изоҳ (0)