Мексикада 50 градусгача чиққан аномал иссиқлик камида 100 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Бу ҳақда Reuters ёзмоқда.
Жазирамадан ўлим ҳолатлари кетма-кет иккинчи ҳафта қайд этилмоқда. Ўлимларнинг тахминан 64 фоизи шимолий Нуэво-Леон штатида, қолганлари Тамаулипас ва Веракрус штатларида кузатилган.
Деярли барча ҳолатларда ўлим сабаби иссиқ уриши бўлган. Яна бир неча киши сувсизланишдан вафот этган.
Мексикадаги жазирама тўлқини электр тармоғида рекорд даражада юкланишга олиб келди. Мамлакат расмийлари айрим ҳудудларда таълим муассасалари фаолиятини тўхтатди.
Июнь ойи ўрталарида Ҳиндистондаги аҳолиси энг кўп икки штатда ҳам камида 96 киши жазирама оқибатида вафот этгани, бутун мамлакат иссиқдан азият чекаётгани ҳақида хабар берилганди.
Покистонда эса маҳаллий ҳокимият аҳолини аномал иссиқдан огоҳлантирди. Ўтган ҳафта мамлакатнинг баъзи ҳудудларида ҳарорат 50 даражадан ошиб кетди.
Изоҳ (0)