Ички ишлар вазирлиги академиясида курсантларнинг битирув маросимига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, соҳа фахрийлари, таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ҳамда битирувчиларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Жорий йил академиянинг кундузги таълим йўналишини 7 та ихтисослик йўналиши бўйича 600 нафардан ортиқ курсант тамомлади. Ўтган уч йил мобайнида улар ўзлари танлаган мутахассислик бўйича замон талаблари даражасида таълим олди. Машғулотлар миллий ва хорижий тажрибанинг илғор ёндашувлари асосида олиб борилди. Таълимнинг амалиёт билан уйғунлигини мустаҳкамлаш мақсадида ўқув тезкор-тергов гуруҳлари, ҳудудий ички ишлар органлари билан биргаликда онлайн маҳорат машғулотлари ҳамда базавий амалиётлар йўлга қўйилди.
Тадбирда кундузги таълимни “тезкор-қидирув фаолияти”, “тергов фаолияти”, “ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти”, “эксперт-криминалистика фаолияти”, “хизмат фаолиятини психологик таъминлаш фаолияти”, “йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш фаолияти”, “жиноий жазоларни ижро этиш фаолияти” мутахассисликлари бўйича тамомлаган курсантларга дипломлар тантанали равишда топширилди. Улар орасидан 24 нафар курсант имтиёзли диплом, 2 нафари эса “катта лейтенант” махсус унвони билан тақдирланди.
Изоҳ (0)