Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятида бўлажак ҳожиларни ҳаж сафарига кузатиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда хабар берган вилоят ҳокимликларига кўра, жорий мавсумда Сурхондарёдан 764 нафар, Қашқадарёдан эса 792 нафар отахон ва онахонлар ҳажга йўл олган.
“Бугун Термиз халқаро аэропортида сурхондарёлик бўлажак ҳожиларни муборак ҳаж сафарига кузатиш тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, муборак сафарга отланган сурхондарёликларга оқ йўл тилади”, — дейди вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муродбек Давлатов.
Таъкидланишича, вилоятда ҳаж зиёратига борувчи фуқаролар 2022 йилда 665 нафар кишини ташкил қилган бўлса, жорий мавсумда бу кўрсаткич 99 тага ошган.
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг “Дарё”га билдиришича, кеча Қарши шаҳри ҳокими Нормўмин Холбоев бошчилигидаги масъуллар 792 нафар зиёратчини Саудия Арабистонига кузатиб қўйган.
Изоҳ (0)