Азиз Абдуҳакимов экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири лавозимига маъқулланди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Президентнинг “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Табиат ресурслари вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги деб қайта номланганди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири лавозимига Азиз Абдуҳакимов номзодини кўриб чиқди ва маъқуллади.
Мажлисда Азиз Абдуҳакимов экологик вазиятни яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш мақсадида келгусида амалга ошириладиган ишлари бўйича ўз ҳаракатлар дастури ҳақида ахборот берган.
Президентнинг “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан 2023 йил 1 январдан Вазирлар Маҳкамаси таркибидаги вазирликлар 25 тадан 21 тага қисқартирилганди. Фармонга мувофиқ Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси Табиат ресурслари вазирлигига айлантирилганди. Унга Азиз Абдуҳакимов раҳбар этиб тайинланганди.
Изоҳ (0)