Тошкентда жамоат транспортини 24 соат давомида бошқариш ва назорат қилишни амалга оширувчи марказ қурилиши мумкин. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Жанубий Кореяга ташрифи давомида Корея автомобиль йўллари корпорациясининг тезкор магистрал йўллар бошқармаси марказида бўлди.
Бугунги кунда ушбу марказда Кореянинг магистрал автомобиль йўлларини (тахминан 5 000 км) 24 соат давомида бошқариш ва назорат қилишни амалга оширади.
Марказга ташрифи якунида томонлар Ўзбекистон пойтахтида жамоат транспорти соҳасида ҳам худди шундай марказни барпо этиш имкониятларини муҳокама қилган.
2023 йилнинг бошларида “Тошкент шаҳрида транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш ва йўл ҳаракатини рақамли бошқариш тизимини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси эълон қилинганди. Унда транспорт инфратузилмасини ҳаракат хавфсизлигини таъминлашнинг замонавий талабларига тўлиқ мувофиқлаштириш, тирбандлик юқори бўлган чорраҳалар ва автомобиль йўлларида марказлашган рақамли бошқариш тизимини жорий этиш ва бу орқали тирбандликлар сонини камайтириш кўзда тутилганди.
Изоҳ (0)