Ўтган йили дунё бўйлаб миллионерлар сони сезиларли даражада камайди. Франциянинг Capgemini консалтинг фирмаси 1 июнь куни маълум қилишича, 2022 йилда 21,7 миллионга яқин кишида, кўчмас мулкни ҳисобга олмаганда, 1 миллион доллардан кўпроқ маблағ бўлган — бу аввалги йилга нисбатан 3,3 фоизга кам. Шундай қилиб 2022 йилда дунёнинг энг бадавлат кишилари умумий бойлиги 3,6 фоизга камайиб, 83 триллион долларни ташкил қилди.
“Бу макроиқтисодий ва геосиёсий ноаниқлик туфайли ўн йил ичидаги энг катта қисқариш”, — дейилади Capgemini ҳисоботида. Компаниянинг молиявий экспертлари 71 та давлатдаги мулк ҳолатини таҳлил қилган.
Компания маълумотларига кўра, энг кўп Шимолий Америкадаги мулк камайган — 7,4 фоизга. Европада бойликнинг камайиши 3,2 фоиз, Осиё ва Тинч океанида эса 2,7 фоиз даражасида қайд этилган. Шу билан бирга, Африка, Лотин Америкаси ва Яқин Шарқдаги мулк, аксинча, Россиянинг Украинага қарши уруши фонида, аввало, нефть ва газ нархининг кўтарилиши туфайли ортган.
Capgemini молиявий тадқиқотлар бўлими раҳбари Элиас Ганем миллионерлар сонининг қисқариши ва фонд бозорларидаги вазият ўртасида бевосита боғлиқликни кўрмоқда АҚШнинг NASDAQ индекси ўтган йили 33 фоиз, Франциянинг CAC’си 40 9,5 фоиз ва Германия DAX индекси 12 фоиз йўқотган.
Эслатиб ўтамиз, Tesla ва SpaceX асосчиси Илон Маск Bloomberg талқини бўйича ҳозир дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида яна биринчи ўринни эгаллаб турибди. Bloomberg Billionaires Index маълумотларига кўра, тадбиркорнинг бойлиги 192 миллиард долларни ташкил этади. LVMH гуруҳи эгаси Бернард Арно эса 187 миллиард доллар бойлиги билан иккинчи ўринга тушиб қолди.
Изоҳ (0)