Сенатнинг қирқ биринчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига норасмий бандликни қисқартиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Қонун аҳолининг бандлигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, норасмий бандлик улушини қисқартириш, шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган. Қонун билан Солиқ кодекси ва “Томорқа хўжалиги тўғрисидаги” қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, якка тартибдаги тадбиркор билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар томонидан ижтимоий солиқ суммаси амалдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизидан, эндиликда йиллик базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баробари миқдорида солиқ тўлаш белгиланмоқда.
Шунингдек, киритилаётган ўзгартишга кўра, чорвачилик (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар), иссиқхона, паррандачилик (бедана, курка, ғоз, ўрдак), қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик, лимончилик, гулчилик фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқароларга уларга тегишли бўлган томорқа ер участкаси майдони ёки улар томонидан парвариш қилинаётган уй ҳайвонлари ва паррандаларнинг сонидан қатъи назар ихтиёрий тартибда ижтимоий солиқни тўлашга рухсат этилиши белгиланмоқда.
Шу сабабли “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги қонундан ер участкаси майдонига қўйилган талаблар чиқариб ташланяпти.
Қонуннинг қабул қилиниши маҳаллаларда ишсизликни камайтириш ва норасмий бандликни қисқартиришга, расмий бандлар сони ошишига ҳамда фуқароларнинг иш стажига эга бўлишига ва пенсия ёшига етганда ўзи учун мақбул пенсиянинг таъминланишига хизмат қилади.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.
Норасмий бандлар — бу юридик шахс мақомига эга бўлмаган корхоналарда ишлайдиган ишчилар. Ушбу тоифага меҳнат муносабатларини рўйхатдан ўтказмасдан ишлайдиган хуфиёна сектор вакилларидан ташқари, рўйхатдан ўтмаган якка тартибдаги тадбиркорлар, ўз-ўзини банд қилганлар ва уларнинг ишчилари киради.
2022 йил октябрда Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти норасмий секторда банд бўлганларнинг камайиш тенденциясини таҳлил қилганди. Унга кўра, 2022 йилда жами иқтисодий фаол аҳоли 14,98 миллион кишини ташкил қилган. Ундан жами 13,7 миллион киши иш билан банд бўлиб, уларнинг 6,5 миллион (47 фоиз) қисми расмий секторда.
Норасмий секторда бандлар соҳалар кесимида расмий секторда бандлар билан бир хил миқдорда иш ҳақи олади деб фараз қилинса 2022 йилнинг ўзида 9 миллиондан ошиқ аҳоли норасмий секторда банд бўлгани ҳисобига давлат бюджетига солиқ кўринишида 32,9 триллион сўм маблағ тушмаган.
Изоҳ (0)