Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида 11 мингдан ортиқ дарахтга кадастр паспорти берилди. Бу ҳақда “Дарё”га Давлат кадастрлари палатаси Қашқадарё вилояти бошқармаси ахборот хизмати Намоз Чориев хабар берди.
Маълум қилинишича, Шаҳрисабз туманининг “Равот” маҳалласида жойлашган “Ўктам Чориёрович” фермер хўжалигининг кўп йиллик дов-дарахтларига кадастр паспортини шакллантириш ва уларга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги ариза Давлат кадастрлари палатаси Шаҳрисабз тумани филиали томонидан ижобий ҳал этилган.
“Қисқа муддатда кадастр ходимлари томонидан 12 гектардан зиёд боғзордаги 11 171 дона дарахтга кадастр паспорти тайёрлаб берилди. Мазкур жараёнда кўп йиллик дов-дарахтларнинг турлари, сони ва уларнинг эгаллаган майдони тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилиб, давлат рўйхатидан ўтказилди. Кадастр паспорти давлат хизматлари маркази орқали мулкдорга тақдим этилди”, — дейди Намоз Чориев.
Қўшимча қилинишича, кўп йиллик дов-дарахтларга кадастр паспортини шакллантириш ва уларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат хизматлари маркази ёки “my.gov.уз” портали орқали ариза берилади.
“Дарахтларга кадастр паспортини тайёрлаш беш иш кунида, уларга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш эса икки иш кунида амалга оширилади. Хизмат нархи БҲМнинг 1 баравари ва ҳар бир гектар дов-дарахтлар билан эгалланган ер участкаси учун БҲМнинг 7 фоизини ташкил қилади”, — дейди Намоз Чориев.
Изоҳ (0)