Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифи иккинчи куни доирасида қатор ишбилармонлик тадбирлари бўлиб ўтди.
Давлат раҳбари ХХР Давлат кенгаши бош вазири ўринбосари Хе Лифен ҳамроҳлигида шу кунларда Сиан шаҳрида ўтаётган Ўзбекистон—Хитой ҳамкорлиги кўргазмасига ташриф буюрди.
Делегациялар икки мамлакатнинг саноат, инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, фан, таълим ва инновациялар соҳаларидаги кооперациясига бағишланган стендларни кўздан кечирди.
Ўзаро манфаатли шериклик натижалари ва режалари, эришилган янги келишувлар, Ўзбекистонда амалга ошириш учун ташриф арафасида махсус ишлаб чиқилган истиқболли инвестиция лойиҳалари тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Кўргазма доирасида Сиан шаҳри ҳамда Сирдарё, Тошкент, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ўртасидаги телекўприк орқали янги қўшма лойиҳаларни тантанали ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.
Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, жами 3,3 миллиард долларлик 15 та лойиҳани — автомобиль ва электромобиллар, қурилиш материаллари, металлдан кенг турдаги маҳсулотлар, тиббий буюмлар ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширди ва янги корхоналар қурилишига старт берди.
Изоҳ (0)