Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида прокуратура ходими пичоқланди. Бу ҳақда “Дарё” манбалари хабар берди.
Маълум бўлишича, воқеа Қарши шаҳридаги маҳаллаларнинг бирида 2023 йилнинг 26 апрелдан 27 апрелга ўтар кечаси содир бўлган.
“Вилоят прокуратурасида ишловчи ходим эрли аёл билан аввалдан таниш бўлиб, муносабат ўрнатиб юрган бўлган. 26 апрель куни кечаси прокуратура ходими ўша аёлнинг уйига борган. Хиёнат қилаётган аёлнинг эри буни аввалдан сезиб юрган бўлган ва ўша куни уларни уйида ушлаб олган. Шундан сўнг прокуратура ходимини пичоқлаган”, — дейди “Дарё” манбаси.
“Дарё” мухбири билан суҳбатлашган гумонланувчининг адвокати Акмал Қултоев ҳам воқеани тасдиқлади.
“Ҳақиқатан ҳам шунақа ҳолат содир бўлган. Воқеа 26 апрель кечаси содир бўлган”, — дейди адвокат.
Аниқланишича, пичоқланган прокуратура ходими айни пайтда тирик.
“Воқеага 23 кун бўлди. Аммо шу пайтгача бу ҳақда ҳеч қаерда маълумот берилмади. Имкон қадар воқеани ёпди-ёпди қилишмоқчи”, — дейди бу ҳақда таҳририятга хабар берган манба.
“Дарё” мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳамда Қашқадарё вилояти прокуратураси ахборот хизмати раҳбарларига сўров йўллаб, прокуратура ходимининг пичоқланиш сабаби билан қизиқди.
Қашқадарё вилоят прокуратураси ахборот хизмати масъули айни пайтда мазкур ҳолатдан бехабар эканини, аммо ўрганиб, батафсил маълумот берилишини билдирди.
Изоҳ (0)