Самарқанд ва Қашқадарё вилоятида ўқишга киритиб қўйиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Қайд этилишича, департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги ТАТУ Самарқанд филиали бўлим бошлиғи К.З. фуқаро Р.Р.нинг фарзандининг ўқишини қўшни Тожикистондаги олий таълим муассасасидан Ўзбекистон—Финляндия институтига кўчириб бериш эвазига 1,6 минг долларни қўлга киритгани аниқланиб, ушбу пуллар ҳисобидан 500 доллар қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Шу каби, департаментнинг Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Р.Б. исмли шахс фуқаро М.З.ни танишлари ёрдамида 1 000 доллар эвазига Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ТАТУ Қарши филиалига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, шундан 500 долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Май бошларида Самарқанд, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахслар ушлангани тўғрисида хабар берилганди. Февраль охирларида эса Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиалида 2022/2023-ўқув йилида имтиҳон натижалари ўзгартирилиб, абитуриентлар қасддан йиқитилгани маълум бўлган эди.
Изоҳ (0)