Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида хотинини фарзанди ёнида пичоқлаб ўлдирган эркакка суд ҳукми ўқилди.
Маълум қилинишича, эр Россияда ишлаб юрган вақтида аёлини бегоналардан рашк қилиб, мунтазам жанжал қилиб келган. Аёл доимий жанжал сабаб уч нафар фарзанди билан ота уйига кетиб, эри билан ажрашмоқчи бўлган.
Шундан сўнг эр аёлининг шахсий телефонини текширганда, бошқа инсон билан гаплашиб юришини билиб қолган ва жаҳл устида пичоқ билан хотинига зарба берган. Ҳодиса уларнинг 10 ёшли фарзанди кўз ўнгида содир бўлган.
Ҳодиса оқибатида аёл воқеа жойида ҳалок бўлган. Эркак хотинини ўлдириб, воқеа жойидан қочиб кетган. Судланувчи суд мажлисида ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, бу ишга хотинининг хиёнати ва болаларини унга кўрсатмагани сабаб бўлганини айтган.
Жиноят ишлари бўйича Ширин шаҳар судининг ҳукмига кўра, эркак Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “ж” (ўта шафқатсизлик билан) банди билан айбли деб топилиб, 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Изоҳ (0)