Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда 60 ёшдан ошганларга хавфли дорилар тарқатилаётганини рад этди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Хитойдан катта миқдорда дори воситалари сотиб олгани, таблетка кўринишидаги ушбу препаратлар мамлакат бўйлаб 60 ёшдан ошган аҳоли вакилларига берилиши, аммо улар инсон организми учун хавфли экани ҳақида хабарлар тарқалган.
“Бундан 2 йил аввал юртимизда коронавирус пандемияси айни авж олган оғир ва мураккаб даврда ҳам интернет тармоқларида COVID-19 инфекциясига қарши ишлаб чиқарилган вакциналар тўғрисида шу сингари ҳақиқатга зид маълумотлар тарқатилган эди.
Бироқ орадан вақт ўтиб, ушбу хабарлар мутлақо уйдирма экани маълум бўлди. Аксинча, вакциналар аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясига қарши оммавий иммунитетни шакллантириш, касалликнинг олдини олиш ҳамда пандемияни тўхтатишда муҳим восита бўлиб хизмат қилди.
Шу маънода айтсак, одамлар орасида турли ваҳима ва хавотир уйғотиш мақсадида тарқатилаётган бу галги хабарлар ҳам бўхтон ва сафсатадан бошқа нарса эмас”, — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби томонидан эълон қилинган хабарда.
Изоҳ (0)