Қашқадарё вилояти Косон туманида 0,33 гектар майдондаги қабристон ерларини пуллаган мансабдорлар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, ҳолат “Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган ўрганишда аниқланган.
Косон тумани ер участкалари бериш масалаларини кўриб чиқувчи комиссия мансабдор шахслари қонун талабларига зид равишда, туман марказида жойлашган “Эшони Косон” қабристони ҳудудидан фуқаро ва тадбиркорларга 0,33 гектар ер майдонини ноқонуний ажратган. Ушбу қабрстонга тегишли ер майдонида “Кушхона”, “Савдо дўкони” ва “Омборхона” бинолари қурилишига йўл қўйиб, давлат ва жамият манфаатларига 146 миллион сўм миқдорда зарар етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисми “а” банди ва 229-4-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)