Фарғона вилоятида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига президентнинг байрам табриги ҳамда 18 миллион сўмдан пул мукофоти топширилмоқда, дея хабар берди “Дарё” мухбири Азизжон Эрматов.
Қайд этилишича, вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Мудофаа ва хавфсизлик тизимлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари вилоятнинг шаҳар ва туманларида бўлиб, уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олган.
Фарғона тумани Водил қишлоғида яшовчи Орифжон ота Мўминов урушдан сўнг колхозда тракторчилик қилиб, турмуш ўртоғи Maxфиратхон ая билан 13 нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказган. Бугун эса невара-ю эваралар бағрида умргузаронлик қилмоқда. Орифжон отага президент табриги, пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Турсунбек ота Исанбеков Фарғона туманининг Хонқиз қишлоғида яшайди. 1944 йил 19 ёшида урушга кетиб, 1950 йилда қайтган. Сўнг колхозда бригадирлик қилган. Турмуш ўртоғи Ҳабибахон ая билан 3 ўғил, 5 қизни тарбиялаб уйли-жойли қилган.
Миндон қишлоғида яшовчи Қорабой ота Тешабоев бугун 101 ёшда. 1941 йилда қишлоқдошлари қатори биринчилардан бўлиб жангга отланган. Қорабой ота биринчи бор Сталинград остоналарида жангга кириб, Украина, Польша, Венгрия, Чехословакия давлатларидаги жангларда қатнашган. Уруш тугагандан кейин ҳам уч йил хизматни давом эттириб, 8 йил деганда Ватанга қайтиб келган.
Тантанали тадбирлар давомида уларга ҳам вилоят раҳбари томонидан президент табриги ва байрам совғалари топширилган.
Қайд этилишича, айни кунда вилоятда 19 нафар уруш қатнашчиси истиқомат қилади.
Изоҳ (0)