Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари вакиллари 6 май куни Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 1-сон Тергов ҳибсхонасини мониторинг қилди. Бу ҳақда Омбудсман ахборот хизмати хабар бермоқда.
Ўрганиш давомида ҳибсхонада бир қатор камчиликлар мавжудлиги, жумладан, айрим камераларда санитария-гигиена ҳолати талаб даражасида эмаслиги, сақланаётган шахсларга сайр учун етарли вақт берилмаётгани ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш бўйича айрим эътирозлар билдирилган.
Маълумки, 2022 йил 1-2 июль кунлари Нукус шаҳридаги оммавий тартибсизликларни содир этганликда айбланган 22 нафар шахсга нисбатан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида жиноят иши апелляция тартибида кўриб чиқилмоқда. Шу боис айбланувчилар 1-сон тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.
Мониторинг ташрифи давомида ушбу айбланувчилар сақланаётган камераларга, хусусан, Даулетмурат Тажимуратов сақланаётган камерага ҳам ташриф буюрилган. Улар билан жамоавий ва якка тартибда холи тарзда суҳбатлар ўтказилган. Унда ҳибсхонадаги сақлаш шароитлари ва озиқ-овқат таъминотидан эътирозлари йўқлигини маълум қилишган.
Даулетмурат Тажимуратов ҳам адвокати ва ҳимоячиси билан учрашувларга рухсат берилаётганлигини, бироқ ҳибсхона ходимлари унга ҳуқуқ ва мажбуриятларини етарли даражада тушунтиришмаганликлари, шу боис ҳибсхона ходимларига нисбатан айрим эътирозларини билдириб ўтган.
Айтилишича, Даулетмурат Тажимуратов 1-сон Тергов ҳибсхонасига олиб келинганидан сўнг ташриф кунига қадар ҳимоячиси, яъни укаси Ренат Тажимуратов билан 7 маротаба ва адвокати Сергей Майоров билан 2 маротаба холи тарзда учрашган.
Изоҳ (0)