Самарқанд вилояти Иштихон туманида сохта коррупцияга қарши кураш бўлими ходими қўлга тушди. Бу ҳақда Тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, 18 апрель куни Иштихон туманида яшовчи 62 ёшли И.Б. ариза билан мурожаат қилган. Унда шу куни соат 21:00 ларда Иштихон тумани тиббиёт бирлашмаси Шошилинч хирургия бўлимида навбатчилик вақтида ўзини Самарқанд вилояти коррупцияга қарши кураш бўлими ходими деб таништирган шахс, гўёки фуқароларни даволагани эвазига моддий манфаатдор бўлиб келгани ҳақида етарли далиллар мавжудлиги ҳақида айтиб, тегишли тартибда чора кўриш билан қўрқитганини билдирган.
Шунингдек, бу орқали 2000 АҚШ долларини товламачилик йўли билан қўлга киритганини маълум қилган. Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ўзини Самарқанд вилояти коррупцияга қарши кураш бўлими ходими деб таништирган шахс аслида Иштихон туманида яшовчи 28 ёшли Р.С. экани аниқланиб, ундан 2000 АҚШ доллари ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Иштихон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда юқоридаги шахс нима сабабдан ушбу жиноятга қўл ургани аниқланмоқда. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)