Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум муваффақиятли ўтказилгани билан Шавкат Мирзиёевни табриклади.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, давлат раҳбарлари 1 май куни телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат давомида олий даражадаги келишувларни амалга ошириш масалалари ва йирик кооперация лойиҳаларининг бориши муҳокама қилинди.
Суҳбат аввалида Қозоғистон президенти 30 апрель куни Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум муваффақиятли ўтказилгани билан қутлади. Референдумнинг дастлабки натижаларига кўра, Конституция тўғрисидаги Конституциявий қонунни қабул қиласизми деган саволга 19 миллион 722 минг 809 нафар фуқародан 15 миллион 40 минг 55 нафари (90,21 фоизи) ёқлаб овоз берганди.
Шавкат Мирзиёев ўз навбатида, Қозоғистон етакчиси ва қардош халқини давлат байрами — Бирдамлик куни билан табриклади.
Мулоқот чоғида давлат раҳбарларининг қарорларини ўз навбатида амалга ошириш, энг аввало, устувор тармоқлардаги кооперация дастурларини тайёрлаш ва бажариш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Шу муносабат билан ҳукуматларга шу ҳафта Тошкент шаҳрида ўтадиган Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши давомида қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш юзасидан чора-тадбирлар кўриш топширилди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари бўлажак тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқди.
Изоҳ (0)