Наманганда болалар ўғриси дея ҳисобланган икки шахс аслида қарзини ундиришга келгани маълум бўлди.
Ижтимоий тармоқларда Наманганда болалар ўғриси пайдо бўлгани айтилган хабарлар тарқалди. Эълон қилинган видеода бир эркак ва аёл ўзларини шубҳали тарзда тутиб, майдончада ўйнаётган болаларни кузатганини кўриш мумкин.
Видео муаллифи болалар ўйнаётган майдонча ёнида номаълум кишилар турганини айтган. Улар билан мулоқотга киришгач, ушбу шахслар ўзларидан қарз олган бир фуқарони қидираётгани маълум бўлган. Улар пулларни ундириш мақсадида Андижондан келган.
Видео муаллифи ҳар эҳтимолга қарши ҳолатни мобил телефонига тасвирга олган. Четдан қараганда видеода ростдан ҳам номаълум шахслар болаларни кузатиб тургандек тасаввур уйғотади. Бироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бундай эмаслигини айтиб, тасдиқланмаган фактларга ишонмасликни ва бошқа одамларнинг қадр-қимматини камситмасликни сўраган.
Март бошларида Тошкент шаҳри ҳудудида сўнгги 5 йил давомида бирорта ҳам бола ўғирланиши ҳолати содир бўлмагани, вояга етмаганлар бедарак кетган ҳолатлар бўлгани, лекин барча вояга етмаганлар топилган ва оиласига қайтарилгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкент шаҳрида мактаб ўқувчилари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳар куни ППХ ходимлари патруллик қилиши маълум қилинган эди.
Изоҳ (0)