SpaceX компаниясининг Техас штати ва Мексика чегарасидаги Бока-Чика округида жойлашган полигонидан Starship рекатаси учирилди.
Учириш муваффақиятсиз якунланди — қисмларнинг ажралиши режадагидек амалга ошмаган, ракета ҳавода айланишни бошлади ва парвознинг бешинчи дақиқасида портлаб кетди.
SpaceX ўзининг Twitter’даги саҳифаси орқали ҳолатга изоҳ бериб, синовлар айнан шунинг учун — ракеталар ишончлилигини ошириш имконини берадиган маълумотларни тўплаш учун амалга оширилганини таъкидлаган.
SpaceX компанияси Starship’ни узоқ космосга парвозларни амалга ошириш учун яратган. Ҳозирга қадар Starship‘нинг камида еттита турли синовлари ракеталар портлаши билан якунланган. Биринчи парвоз аввалида Маск унинг муваффақиятига ишониш телбалик бўлишини айтганди. Шу билан бирга, у старт майдончасидаги портлашни бошқалардан кўра кўпроқ истамаслигига шама қилган, чунки янги парвозлар учун яна бир неча ой тайёргарлик кўришга тўғри келади.
Starship элтувчи ракетаси Марс ва Ойга юкларни етказиш учун мўлжалланган бўлиб, ўз ичига 100 кишини сиғдира олади. 2020 йил декабрида Маск унинг компанияси 2026 йилда Марсга одамларни юборишига ишонч билдириб, “агар омадимиз чопса, балки тўрт йилдан кейин ҳам бўлиши мумкин”, — деган эди.
Изоҳ (0)