“Рома” клуби устози Жозе Моуриньо Бразилия терма жамоаси бош мураббийига айланиши мумкин, дея хабар қилмоқда The Athletic.
Бразилия учун асосий мақсад ҳамон Карло Анчелоттини олиб келиш бўлиб турибди. Унинг номзоди Бразилия футбол конфедерацияси (CBF) президенти Эдналдо Родригесга маъқул келмоқда.
Родригес италиялик мутахассис билан фақат воситачилар орқали музокара олиб борган. “Реал” устози мавсумнинг қизғин палласида юза-юз учрашувга рози бўлмаслигини айтган.
Анчелоттининг ўзи “Реал”да қолишни маъқул кўряпти, бироқ Мадрид клуби совринларсиз қолса, мутахассиснинг клубдаги тақдири номаълум бўлиб қолиши мумкин. “Реал” ҳозирча Карло билан келажакдаги режалар ҳақида гаплашмаган.
CBF Анчелотти масаласи ноаниқ қолаётгани боис муқобил вариантлардан иборат қўшимча рўйхат шакллантирган. Ундан “Рома” устози Жозе Моуриньо, “Фенербаҳче” мураббийи Жорже Жезуш, шунингдек, Фернандо Диниз (“Флуминенсе”) ва Абул Феррейра (“Палмейрас”) каби мутахассислар ўрин олган.
Моуриньо қўлга киритган совринлари, харизмаси ва тил билиш қобилияти сабаб CBF раҳбариятида кўпроқ симпатия уйғотмоқда.
Изоҳ (0)