Ўзбекистоннинг уч вилояти: Наманган, Андижон, Тошкентда газ ва электрдан ноқонуний фойдаланганлар 350 миллион сўмдан ортиқ зарар етказди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, департаментнинг Наманган ва Андижон туман бўлимлари томонидан ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган текширувларда, “Б.Ф.” МЧЖ ва “Н.к” оилавий корхонаси раҳбарлари ишлаб чиқариш биноси ҳамда савдо дўкони электр ҳисоблаш ускуналарига ташқаридан таъсир ўтказиб, жами 166,8 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Шу каби, департаментнинг Чиноз тумани бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда, фуқаро Ф.Х. ва К.Б. ўзларига тегишли иссиқхона биноларини умумий фойдаланишдаги газ қувурига яширинча улаб олишиб, жами 186,5 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) ва 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)