Наманганда сохта рақам билан ҳаракатланган Malibu автомашинаси аниқланди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Вилоят ЙҲХБ матбуот хизматининг билдиришича, вилоят ҳудудида номаълум шахсга тегишли бўлган, қора рангли Malibu русумли автотранспорт воситаси 01 072 ААА белгили сохта давлат рақамини ўрнатиб олган ҳолда ҳаракатланиб юргани тўғрисида олинган маълумотга асосан тезкор қидирув ҳаракатлари олиб борилди.
Қидирув ишлари давомида мазкур транспорт воситаси жорий йил 22 март кунининг ўзида Ангрен ва Наманган шаҳарларида икки марта маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлиги аниқланган. Шунингдек, мазкур давлат рақам белгиси билан аслида масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг тасарруфидаги Hyundai SantaFe русумли автомобиль рўйхатдан ўтказилгани ва рақам ҳозирда ушбу автомобилга қадалгани маълум бўлган.
Сохта авторақам билан ҳаракатланган Malibu эгаси Наманган шаҳрида яшовчи, 1994 йилда туғилган фуқаро бўлиб чиқди. Автомобильнинг асл давлат рақами белгиси эса 01 А 215 АА бўлган.
Malibu ҳайдовчиси сохта авторақамни Россияга ишлаш учун кетган танишига буюртма бериб, Москва шаҳрида 30 АҚШ долларига ясатганлиги ва бир неча марта ўзининг автомобилига қадаб фойдаланганлиги ҳақида кўрсатма берган.
Юқоридаги ҳамда автомашина ҳужжатларини қалбакилаштириш билан боғлиқ ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Malibu эса жарима майдонига жойлаштирилди.
Изоҳ (0)