Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни Франция президентининг маслаҳатчиси Изабель Дюмонни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, учрашувда олий даражадаги келишувларни амалга ошириш масалалари ва икки мамлакатнинг ҳар томонлама шериклигини кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Юқори мартабали меҳмон давлат раҳбарига Эммануэл Макроннинг самимий саломи ва шахсий мактубини етказди.
Учрашувда фаол сиёсий мулоқотларни давом эттириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, Франциянинг етакчи компания ва банклари билан “яшил” энергетика, қазиб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, сув таъминоти тизимини, транспорт ва туризм инфратузилмасини модернизация қилиш каби йўналишларда биргаликдаги йирик лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Қайд этилишича, Париж шаҳридаги Лувр музейи ва Араб дунёси институтидаги маданий тадбир ва кўргазмалар муваффақиятли ўтгани юксак баҳоланди. Ўзбекистон мактабларида француз тилини ўрганишни кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.
Изоҳ (0)