АҚШнинг жанубий ва ўрта-ғарбий штатларида кучли бўрон ва торнадо қурбонлари сони камида 32 кишига етди, деб хабар бермоқда DW 2 апрель кунги маълумотларга таяниб.
Мемфисда кучли шамол сабаб бир неча уй устига дарахтлар қулаганидан сўнг икки бола ва бир нафар катта ёшли киши ўлик ҳолда топилди, дея хабар бермоқда Теннесси полицияси. Макнейри округида яна икки киши вафот этди. Шанба куни Теннесси штатида еттита ўлим ҳақида хабар берилганди.
Индиана штатида маҳаллий табиий ресурслар департаменти миллий боғдаги лагерда икки киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Аввалроқ Арканзас, Иллинойс, Делавер, Миссисипи ва Алабама штатларида бўрон билан боғлиқ ҳодисаларда яна 15 киши ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.
АҚШ президенти Жо Байден ва рафиқаси Жилл фалокат зоналаридан бири бўлган Миссисипи штатига ташриф буюриб, маҳаллий аҳоли билан учрашди ҳамда торнадо оқибатларини кўздан кечирди.
Байден 2 апрель куни Арканзасда “катта фалокат” ҳақида эълон қилиб, федерал бюджетдан ёрдам учун маблағ ажратишни буюрди.
Торнадо бутун мамлакат бўйлаб 11 штатда уйлар ва корхоналарни вайрон қилди. Ярим миллионга яқин аҳоли электр таъминоти билан боғлиқ қийинчиликларни бошдан кечирмоқда, деб таъкидлайди AP.
АҚШ Миллий об-ҳаво хизмати маълумотларига кўра, 31 мартдан бери мамлакатда 80 дан ортиқ торнадо қайд этилган.
Изоҳ (0)