Тошкентда футбол ўйнагани келган йигитлар ўртасида оммавий жанжал содир бўлгани тўғрисида хабар берилганди. Пойтахт ИИББнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Идора маълумотларига кўра, 26 март куни соат 23:00 ларда вояга етмаган 18 ёшли Баҳодир Ф. дўстлари билан Сергели туманида футбол ўйнаётган вақтида, 21 ёшли Жасур Р. ва 20 ёшли Фазлиддин М. уларга шовқин солмаслигини айтиб, эътироз билдирган. Натижада улар ўртасида оғзаки жанжал бошланган ва шу атрофдан ўтиб кетаётган фуқаролар уларни ажратган.
Орадан бироз вақт ўтиб, соат 23:30 ларда Баҳодир Ф. ва унинг 22 ёшли акаси Бахтиёр Р. Миробод тумани Қўйлиқ-4 мавзесида Жасур Р., Фазлиддин М., 21 ёшли Улуғбек М., 19 ёшли Аброр Н. билан жанжаллашган. Жанжал оқибатида Баҳодир Ф. “чап кафт соҳаси кесилган жароҳати, бош соҳаси шилинмаси” ташхиси билан, Бахтиёр Р. “БМЁЖ, бурун суяги синиши, юз соҳаси йиртилган жароҳати” ташхиси билан касалхонага ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчилар процессуал тартибда ушланган. Тергов давом этмоқда.
Аввалроқ пойтахт ИИББ мазкур жанжал оқибатида натижасида фуқаролар тан жароҳати олмаганини маълум қилганди.
Изоҳ (0)