Эрон ва Россиянинг мудофаа соҳасидаги ҳамкорлиги ҳеч бир томон манфаатларига зид эмас. Бу ҳақда Эрон Ислом республикаси ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиян ISNA агентлигига маълум қилди, деб ёзмоқда Anadolu.
Эронлик дипломат дронлар эвазига Россиядан кузатув ва киберхавфсизлик ускуналарини сотиб олаётгани ҳақидаги хабарларга шундай изоҳ берди.
“Албатта, мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик Теҳрон ва Москванинг умумий кун тартибидаги масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Ҳамкорлигимиз ҳеч бир мамлакат манфаатларига зид эмас”, — дея ишонтирди Абдуллахон.
Эрон ташқи ишлар вазири 29 март куни Москвага ташриф буюради. У россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама қилишини, ядровий келишув атрофидаги музокаралар юзасидан фикр алмашишини айтди.
Россия дронлар эвазига Эронга кибер қуролларини берди
The Wall Street Journal манбалари Россия камикадзе дронлари эвазига Эрон билан ўзининг киберқуролларини ўртоқлашгани ҳақида хабар берганди.
Икки йил аввал Россия ва Теҳрон киберсоҳада ҳамкорлик тўғрисида битим тузган эди, бироқ Москва ўзининг электрон технологияларини Теҳронга беришга анча вақт қаршилик қилган, чунки улар даркнетда сотувга қўйилади. Аммо Украинага кенг миқёсли босқин бошланганидан сўнг, Россия Эронга алоқаларни кузатиш, эшитиш ва фотографик қурилмалар соҳасида ўзининг ишланмаларини тақдим этди. WSJ манбаларига кўра, Москва аллақачон Теҳронга мухолифатчилар ва диссидентларнинг мобил телефонлари ва компьютерларини бузишга мўлжалланган дастурий таъминотни улашган. Россия расмийлари Эрон билан ҳарбий алоқаларни ривожлантиришнинг афзалликлари унинг камчиликларидан устун туради, деган хулосага келган.
Россия Украинадаги урушда Эрон қуролларидан, хусусан, Shahed-131/136 камикадзе-дронларидан фаол фойдаланмоқда. Аввалроқ The Guardian газетаси Эрон Россияга қайта фойдаланиш мумкин бўлган узоқ масофали ҳужумчи дронлар партиясини топширганини ёзганди. Ғарб ОАВлари Россия ва Эрон расмийлари Россия ҳудудида дронларни ишлаб чиқарувчи завод қуриш имконияти бўйича келишиб олгани ҳақида бир неча бор ёзган.
Изоҳ (0)