Ўзбекистонда 2023 йил якунига қадар 18 минг ўринли талабалар турар жойлари қурилиб, фойдаланишга топширилади. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова маълум қилди.
Унинг қайд этишича, сўнгги йилларда республикада ёшларнинг олий таълим билан қамрови ошиб бориши билан бир қаторда, ётоқхоналарга бўлган эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда.
Бугунги кунда давлат ОТМларидаги талабалар турар жойларининг сони 287 тага етказилиб, жами 109 504 нафар талабаларни жойлаштириш имконияти яратилди. Шунга қарамасдан, қўшимча 132 минг ўринли талабалар турар жойига талаб мавжуд. Ушбу эҳтиёжни қондириш мақсадида президентнинг “2022—2026 йилларга мўлжалланган Инсонга эътибор ва сифатли таълим йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонига асосан 2023 йил якунига қадар 18 минг ўринли талабалар турар жойларини қуриш ва фойдаланишга топшириш белгиланган.
2023 йилда ётоқхоналарни барпо этиш бўйича жами 28 526 ўринли 58 та лойиҳа амалга оширилмоқда, жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида 19576 ўринли 40 та, олийгоҳ ва бюджет маблағлари ҳисобидан 3450 ўринли 7 та, олийгоҳларнинг тўлиқ ўз маблағлари ҳисобидан 3 900 ўринли 8 та ҳамда инвестиция дастури доирасида 1 600 ўринли 3 та лойиҳаларда тегишли ишлар амалга ошириляпти.
Айни дамда республика бўйича жами 16 466 ўринли 31 та лойиҳада қурилиш ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда. Ушбу биноларга замон талабларига мос равишда қуёш панеллари ўрнатилиб, ташқи девор қисми базалт иссиқликни таъминловчи материал билан қопланади.
Йил якунига қадар талабалар турар жойи фондини 127 минг ўриндан ошириш режалаштирилган.
Изоҳ (0)