Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида майнинг крипто-активлари қурилмаларини ўрнатган шахслар аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Нурафшон шаҳар бўлими томонидан Тошкент вилояти ДХХ бошқармаси ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган. Фуқаро А.У.га тегишли “Ойбек” МФЙдаги нотурар бино кўздан кечирилганида, хорижий давлат фуқароси Й.С. ва фуқаро Б.Р. ушбу бинода 127 та тўпламдаги майнинг крипто-активлари қурилмаларини умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келган.
Оқибатда улар давлат ва жамият манфаатларига 1,5 миллиард сўм зарар етказгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) ва 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)