Фарғона вилояти Олтиариқ туманида диний мазмундаги материалларни тарқатган йигит жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 9 март куни Олтиариқ тумани ИИБ ТҚХ ТҚКБ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида туманнинг “Сертут” маҳалла ҳудудида яшовчи 22 ёшли М.З. Telegram’даги ҳар хил номдаги гуруҳлари орқали диний мазмундаги аудио ва видео форматдаги диний маърузаларини тарқатгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан Олтиариқ тумани ИИБ томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-2-моддаси (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судига юборилган.
Суд ҳуқуқбузар М.З.га юқоридаги моддага асосан БҲМнинг 3 баробар миқдорида (900 минг сўм) жарима жазоси тайинлаган.
Аввалроқ Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида диний мутаассибликни тарғиб қилган 20 ёшли қизга чора кўрилганди. Шунингдек, Тошкентда танишига нашида юборгани учун қамалган талаба йигит озод қилингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)