Ўзбекистон делагациясининг Эронга амалга оширган ташрифи доирасида транспорт вазири Илҳом Маҳкамов мамлакат йўл ва шаҳарсозлик вазири Меҳрдод Базрпош билан учрашди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, учрашувда Ўзбекистон ва Эрон ўртасида транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилган. Томонлар транспорт ва транзит соҳаси икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим ва стратегик йўналишларидан бири эканини алоҳида қайд этиб ўтган.
Эроннинг йўл ва шаҳарсозлик вазири Меҳрдод Базрпош Ўзбекистон билан аралаш ташувлар соҳаси ва транзит алоқаларини ривожлантириш йўналишида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилган. Учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Эрон ўртасида транспортнинг барча йўналишларидаги ҳамкорликни ривожлантириш режаси ва Ашхобод келишувини амалга оширишга келишиб олган.
Шунингдек, учрашувда Эронннинг жанубий ва шимолий портлари имкониятларидан самарали фойдаланиш, Шимол—Жануб транспорт йўлаги бўйлаб ташувларни фаоллаштириш, амалдаги тарифларни пасайтириш ҳамда икки мамлакат ҳайдовчилари учун қўшимча қулайликлар яратиш орқали автомобиль ва темир йўл транспортида ташувларни енгиллаштириш масалалари кўриб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 24 январь куни Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллаҳиён бошчилигидаги делегацияни қабул қилганди. Учрашувда Ўзбекистон етакчиси ўзаро мулоқотлар фаоллашгани, савдо изчил ошиб бораётгани ва етакчи корхоналарнинг кооперацияси кучайганини қайд этганди.
Изоҳ (0)