Франция ҳукумати Ғазо секторидаги ёрдамга муҳтож фаластинликларни мамлакатга эвакуация қилишни вақтинча тўхтатди. Бунга француз университетларидан бирида таҳсил олаётган фаластинлик талабанинг интернетга жойлаган антисемитик мазмундаги пости сабаб бўлди. Бу ҳақда Fox News хабар берди.

Маълум қилинишича, студент аёл ижтимоий тармоқларга Адольф Гитлернинг яҳудийлар борасидаги фикрларини пост қилиб жойлаган. Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноел Барро бу талаба мамлакатни тарк этиши кераклигини таъкидлаган. У ҳозирда талабанинг қандай қилиб виза олгани бўйича тергов ўтказилаётгани қўшимча қилган. Мамлакат ички ишлар вазири Брюно Ретаё ҳам ҳолатга муносабат билдириб, Х да шундай пост қолдирди:
“Ҳамас тарғиботчилари учун мамлакатимизда жой йўқ”.
Интернетда тарқалган маълумотларга кўра, мазкур талаба Гитлер расми туширилган постни қайта улашган. Унда араб тилидаги қуйидаги ёзув бўлган: “Яҳудийларни ҳамма жойда қириб ташланг. Мен Ерда яҳудий авлодининг бўлишини хоҳламайман. Улар сизни ўлдиришидан олдин сиз уларни ўлдиришингиз керак”.

Франциянинг Сиёсий фанлар институти — Scienceс Po Lille маъмурияти талабанинг бу пости ҳақида хабар топгач, ҳолатга ўз муносабатини билдириб, контент институт қадриятларига мутлақо зид эканини айтган. Олий таълим муассасаси антисемитизм, камситиш ва нафратга ундовчи ҳар қандай хатти-ҳаракатни қоралаган.
“Франция терроризмни, инсониятга қарши жиноятларни ёки антисемитизмни тарғиб қилувчи хорижий талабаларни қабул қилиш мажбуриятига эга эмас”, деди олий таълим вакилларидан бири.
Франция президенти Эммануэл Макрон бу масала юзасидан ҳозирча изоҳ бермаган. Айни вақтда у сентябрь ойида Фаластин давлатини тан олиш режасини илгари сурган ва шу сабаб АҚШ ҳамда Исроилнинг танқидига учрамоқда.
Маълумот учун, 29 июль куни Франция ва Саудия Арабистони вакиллари бошчилигида Нью Йоркда ўтган халқаро конференцияда Ғазо бўйича “Нью Йорк декларацияси” имзоланган эди. Унда ҲАМАСнинг қуролсизланиши ва Ғазони Фаластин маъмуриятига топшириш, шунингдек, Исроил қўшинларининг секторни тарк этиши каби талаблар илгари сурилган.
Изоҳ (0)