Ўзбекистонда давлат органлари ҳудудларидан кафе, мавсумий савдо учун ҳақ эвазига фойдаланиш мумкин бўлади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 31 июлдаги қарорида белгиланди.

Унга кўра, 2025 йил 1 октябрдан бошлаб умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари учун ўзига тегишли бино ва иншоотлар ҳамда ер участкаларига туташ бўлган, давлат органлари ва ташкилотларига доимий фойдаланишга берилган аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ер участкаларидан (соғлиқни сақлаш, таълим ва мактабгача таълим ташкилотларига тегишли ер участкалари бундан мустасно) умумий мавсумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш учун ҳақ эвазига ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиш тизими жорий этилади.
Ҳукумат қарори билан умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига тегишли бино ва иншоотларга ҳамда ер участкаларига туташ ҳудудлардан тижорат мақсадларида мавсумий фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Норасмий тарзда тижорат фаолиятини амалга ошираётганлар хатловдан ўтказилади
Қарорда белгиланишича, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Солиқ қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда ИИВ билан биргаликда ўзига тегишли бўлмаган ер участкасида норасмий тарзда тижорат фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларининг рўйхатини ва улар тўғрисидаги маълумотларни (жойлашган жойи, фаолият тури, эгалланган ер майдони) икки босқичда хатловдан ўтказади:
- биринчи босқич — барча туман (шаҳар)лардаги марказий кўчаларда 2025 йил 1 сентябрга қадар;
- иккинчи босқич — қолган кўчаларда 2025 йил 1 октябрга қадар.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари манфаатдор давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда 2025 йил 1 октябрдан бошлаб хатлов натижасида аниқланган объектларнинг мазкур қарорда белгиланган тартибда қонуний фаолият юритиши ёки ҳудуднинг бўшатилишини таъминлаб боради.
2025 йил1 октябрдан бошлаб ҳар йили 1 январга қадар туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, кадастр, солиқ идоралари таклифлари асосида туман (шаҳар) ҳокимларининг қарори билан келгуси йил учун туман (шаҳар) ҳудудидаги аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ер участкаларида тижорат фаолияти объектларини жойлаштириш схемаси тасдиқланади.
2026 йил 1 февралга қадар Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланган режа-графикка асосан қуйидаги органлар томонидан ўз ҳисобидан тижорат фаолияти объектларини кўча ва биноларга мос архитектура қиёфасида ҳамда аҳоли учун қулай ва хавфсиз қилиб лойиҳалаштиришга доир ягона талаб ва тавсиялар (дизайн-код) ишлаб чиқилиб, тасдиқланади:
- ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашлари томонидан — Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар бўйсунувидаги шаҳарлар учун;
- туман (шаҳар) қурилиш уй-жой коммунал хўжалиги бўлимлари томонидан — бошқа аҳоли пунктлари учун.
Ижара шартномалари Солиқ қўмитасининг ижара шартномаларини ҳисобга олиш электрон тизими орқали расмийлаштирилади. Ижара шартномасига асосан ижарага берувчи ижарага олувчига тегишли ҳудудга туташ бўлган ёки ундан 5 метр кўп бўлмаган масофадаги бўш майдонларни тижорат фаолиятини амалга ошириш учун аукцион савдоларисиз тўғридан тўғри ижарага берилади.
Ижара шартномаси қоида тариқасида 1 календарь йил учун (қарорда белгиланган тартибда узайтириш ҳуқуқи билан) тузилади.
Ижара тўлови миқдори
Тижорат фаолияти учун ижара ҳуқуқи асосида фойдаланишга берилган ер участкаларининг ҳар бир квадрат метри учун шартнома муддатидан қатъий назар, ер солиғи ставкасининг 3 бараваригача миқдорда ижара тўлови тўланади. Бунда асос қилиб олинадиган ер солиғи суммаси Солиқ кодексида белгиланган оширувчи ва камайтирувчи коэффициентлари қўлланган ва солиқ имтиёзлари қўлланмаган ҳолда ҳисобланади.
Ижара тўлови ҳар йилги ер солиғини тўлаш учун белгиланган муддатларда амалга оширилади.
Тўловдан тушган пуллар қуйидагича тақсимланади:
- 35 фоизи — ижарага берувчининг банк ҳисобварағига;
- 10 фоизи — ҳудудий солиқ бошқармасининг банк ҳисобварағига;
- 10 фоизи — Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлар палатаси ҳудудий бошқармаларининг банк ҳисобварағига;
- 10 фоизи — Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси банк ҳисобварағига;
- 0,5 фоизи — Ягона биллинг тизими орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун “Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази” давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги ғазначилик хизмати қўмитаси махсус ҳисобварағига.
Ижарага олувчи мажбуриятлари
- Вақтинчалик объектларни (қурилмаларни) тегишли ҳудуд учун белгиланган тартибда тасдиқланган дизанд-кодга мослаб ўрнатилиши керак.
- Ижарага олинган ер участкасида капитал қурилмалар (бино ва иншоотлар) қурмаслиги лозим.
- Муҳандислик-коммуникация тармоқларига зарар етказмаслик талаб этилади.
- Пиёдалар йўлакларида ҳаракатланиш учун ноқулайлик яратмаслик зарур.
- Шунингдек, тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари эркин ҳаракатланиши ва бошқа объектлар фаолиятига тўсқинлик қилмаслик талаб этилади.
Изоҳ (0)