Тошкент вилояти Чиноз туманида бир неча йигитлар Турсуной Охунованинг хотира бюсти устига чиқиб, бемаъни ҳаракатлар қилди. Вилоят Ички ишлар бош бошқармаси ҳолат юзасидан маълумот берди.
Хабарга кўра, 2 март куни соат 19:00 ларда, туманда жойлашган Ўзбекистоннинг биринчи механизатор аёли Турсуной Охунованинг хотира бюсти устига чиқиб, у ерда қилган ҳаракатлари билан жамиятда юриш-туриш қоидаларини қўпол равишда бузган 18-19 ёшлар орасидаги 5 нафар йигитнинг шахси аниқланган ва туман ИИБга олиб келинди.
ИИБ ходими томонидан ўтказилган профилактик суҳбат давомида уларга ушбу хатти-ҳаракатлари ҳуқуқбузарлик экани, жамиятда юриш туриш қоидаларини менсимаслик, қолаверса ўз даврининг қаҳрамони, нафақат туман, балки Тошкент вилояти фахри бўлган бундай шахс хотирасига ҳурматсизлик қилиш ҳам нотўғри экани тушунтирилди.
Қайд этилишича, уларнинг икки нафари нуфузли олий таълим муассасаси талабаси. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун суд органига юборилмоқда.
Изоҳ (0)