Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари, собиқ президент Дмитрий Медведев бир йил ичида Telegram’даги постларида Украина келажаги ҳақида 12 та эҳтимолий сценарийни ва бутун дунёдаги вазият ривожланишининг бир неча вариантларини ёзган. Бу ҳақда “ТАСС” хабар бермоқда.
Улар орасида Украинанинг денгизга чиқиш имкониятидан маҳрум бўлиши, Лвовнинг Лембергга айланиши ва бошқа ҳудудий йўқотишлар, ҳарбий тўнтариш, Киевнинг “тўлиқ таслим бўлиши” ва ҳатто мамлакат ва унинг давлатчилиги бутунлай қулаши ҳақида прогнозлар бор.
Россия “махсус операцияси” бошланганидан кўп ўтмай, сиёсатчи Ғарб ижтимоий тармоқлари унинг обрўсига путур етказаётганини даъво қилди ва 2022 йил 14 мартда ўзининг Telegram каналини ишга туширди, уч кундан кейин унинг биринчи пости пайдо бўлди. Ҳозир каналдаги постлар сони 267 та, обуначилар сони эса бир миллиондан ошади.
Медведев постларни ўзи ёзишини тан олган ва ўткир услуб ўқувчиларга долзарб мавзулардаги фикрларни етказиш осонлаштиришини айтган.
Сиёсатчи, ядро потенсиаллари ва уларнинг тўқнашув хавфини 20 мартадан ортиқ тилга олган. Унинг фикрича, агар уруш чўзиладиган бўлса, “шундай пайтга келадики, америкаликлар назоратга олган мамлакатларнинг янги ҳарбий иттифоқи тузилади”. Шу билан бирга, Медведев фақат “Россиянинг тўлиқ ва якуний ғалабаси глобал можаронинг олдини олишга кафолатдир” деб ишонади.
Медведевнинг Telegram’да ёзганлари йил давомида тахминан 262,5 минг белгини ташкил этди. Ўртача сўнгги уч ойда сиёсатчининг постлари 2 миллионга яқин кўрилган. Барча даврларда энг кўп ўқилган пост 2022 йил 7 июндаги бўлиб, унда Медведев Telegram’даги постлари нега кескин оҳангда эканини тушунтириб, Россия душманларидан нафратланишини таъкидлаган. Хабар 6,1 миллионга яқин кўрилган.
Медведев бошқа ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини ҳам юритишда давом этмоқда, шу жумладан баъзан Twitter’га янги пост қўяди (у рус тилидаги саҳифада 20 та, инглиз тилидагида 69 та твит ёзган).
Изоҳ (0)