Канадалик режиссёр Даниэль Роэр томонидан суратга олинган “Навалний” фильми “Энг яхши ҳужжатли фильм” номинациясида “Оскар” мукофотини қўлга киритди. Фильмда россиялик мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалнийнинг “Новичок” билан заҳарланиши, Германияда даволаниши ва Россияга қайтиши ҳақида ҳикоя қилинади.
Тақдирлаш маросимида режиссёр суриштирувчи журналист Христо Грозев ва Навалнийнинг маслакдоши Мария Певчихга, шунингдек, Алексей Навалнийнинг оиласи – рафиқаси Юлия, қизи Дария ва ўғли Захарга миннатдорлик билдирди. Уларнинг барчаси режиссёр билан биргаликда саҳнада мукофотни қабул қилиб олишди. “Жасоратингиз учун раҳмат. Бутун дунё сиз билан”, — деди Роэр.
“Мен ушбу мукофотни Алексей Навалнийга ва бутун дунёдаги барча сиёсий маҳбусларга бағишламоқчиман”, — деди режиссёр.
Юлия Навалная ҳам қисқа нутқ сўзлади: “Турмуш ўртоғим фақат ҳақиқатни гапиргани учун ҳозир қамоқда. У фақат демократияни ҳимоя қилгани учун ҳозир қамоқда. Алексей, мен сен озод бўладиган кун ҳақида орзу қиламан. Мамлакатимиз озод бўладиган кун ҳақида. Бардам бўл, севгилим!”
“Навалний” фильми HBO Max стриминг сервиси ва CNN Films буюртмаси асосида суратга олинган.
“Оскар”дан ташқари, фильм бошқа мукофотларга ҳам сазовор бўлганди. Фильм 2022 йил январь ойида унинг премераси бўлиб ўтган “Санденс” кинофестивалида томошабинлар эътирофига сазовор бўлди ва Cinema Eye Honors’да иккита мукофотга сазовор бўлди. Фильм февраль ойида BAFTA мукофотини ҳам қўлга киритган.
Маълумот учун, 2021 йилдан бери Навалний “Ив Роше” иши бўйича колонияда 2,5 йиллик жазони ўтамоқда. 2022 йилнинг мартида у фирибгарлик ва судьяни ҳақорат қилиш айбловлари билан яна 9 йиллик колонияга ҳукм қилинди.
Изоҳ (0)