Андижон вилояти Булоқбоши туманида ўзганинг хонадонига яширинча кириб, 4,5 минг доллар ва тилла тақинчоқларни ўғирлаган шахс ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, 7 февраль куни Булоқбоши туманида яшовчи фуқаро Д.З. ИИБга хабар берган. У номаълум шахслар яшаш уйида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, девордан ошиб ўтиш йўли орқали ғайриқонуний равишда уйига кириб, ётоқхонасидан 4500 доллар ва 400 долларга тенг тилла буюмларини ўғирлаб кетганини маълум қилган.
Ҳолат юзасидан Булоқбоши тумани ИИБ катта эксперт-криминалисти томонидан ҳодиса жойини кўздан кечириш даврида қўл бармоқ излари аниқлаб олинган. Олинган бармоқ излари вилоят ИИБ Эксперт-криминалистика марказининг автоматлаштирилган дактилоскопик таққослаш тизими базасидан текширилганида, бармоқ излари Булоқбоши туманида яшовчи Х.Э. томонидан қолдирилгани аниқланган.
Х.Э. исмли шахс унинг уйида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, мол-мулкларни яширин равишда талон-торож қилган ва ҳодиса жойидан яширинган. Шунингдек, талон-торож қилинган мол-мулкларни ўзининг шахсий эҳтиёжи йўлида сарф қилиб юборганини маълум қилган.
Ҳозирда Булоқбоши тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Х.Э.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан айб эълон қилиниб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)