Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ноқонуний миграцияга қарши кураш йўналишида тезкор тадбир ўтказилди, деб хабар беради ЎзА.
Аниқланишича, Самарқанд шаҳрида туғилган, ҳайдовчилик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаро С.П. маҳаллий фуқаро Ғ.А.ни 30 минг доллар эвазига ўзининг “қўли узун танишлари” орқали АҚШга юборишни ваъда қилган. Бунинг учун олдиндан 10 минг, АҚШга борганидан сўнг яна 20 минг доллар бериши кераклигини маълум қилган.
Ушбу келишувга кўра, фуқаро С.П. мижози Ғ.А.дан 10 минг долларни олаётган вақтда қўлга олинган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан С.П.га нисбатан Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик) ва 211-моддалари (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатиш режалаштирилмоқда.
Аввалроқ Самарқанд шаҳрида 64 нафар фуқарони АҚШга юборишини айтиб, уларнинг 4 миллиард сўмини ўзлаштирганларга суд ҳукми ўқилганди.
Изоҳ (0)