Самарқандда эр-хотинни 40 минг долларга АҚШга юбормоқчи бўлган шахс ушланди
Самарқанд шаҳрида эр-хотинни 40 минг долларга АҚШга юбормоқчи бўлган шахс ушланиб, жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1987 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида истиқомат қилувчи фуқаронинг ишончига кириб, уни ва турмуш ўртоғини ўзининг танишлари ёрдамида дастлаб Европага, сўнгра Мексика давлати орқали АҚШга юборишни ваъда қилиб, эвазига 40 минг доллар талаб қилган.
ДХХнинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, мазкур шахс олдиндан 12 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида у аввал ҳам пул эвазига бир нечта фуқарони АҚШга ноқонуний юборгани аниқланган.
Ҳозирда ушбу фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилган.