Грузияда депутатлар 6 март куни хорижий агентлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш чоғида муштлашди. Бу ҳақда “Грузия Online” хабар берди.
Депутатлар учрашуви чоғида қўмита раиси Анри Оханашвили ва мухолифат депутатлари ўртасида оғзаки келишмовчилик юзага келган. Шундан кейин келишмовчилик муштлашувга айланиб, парламент залига тарқаган.
“Ватанинг йўқ, кимнинг манфаати учун хизмат қиласан? Сенда ватанпарварлик ҳисси йўқ”, — деган Оханашвили “Стратегия Агмашенебели” партияси етакчиси Гиоргий Вашадзега.
Барча мухолифат депутатлари мажлис залини тарк этишга мажбур қилинган.
“Барча мухолифат депутатларини, жумладан аёлларни ҳам куч билан қувиб чиқардик. Бино полиция томонидан ўралган, журналистларга киришга рухсат берилмаган, бу қонун аллақачон ишлай бошлаганини англатади”, — деди мухолифатчи депутат Ека Херхеулидзе.
Қонун лойиҳалари муҳокамаси билан бир вақтда парламентга туташ ҳудудда норозилик акцияси бўлиб ўтмоқда. Намойишчилар қонуннинг қабул қилинишига қарши. Аввалроқ “Халқ кучи” мухолифат ҳаракати депутатлари Грузия парламентига “Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тақдим этган.
Қонунда мамлакатда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва хорижий давлатдан маблағ олувчи субъектлар реестрини яратиш таклиф этилмоқда.
Парламентда кўпчиликни ташкил қилувчи ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси вакиллари янги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаш ниятида экани, агар президент Саломе Зурабишвили вето қўйса, депутатлар уни енгиб ўтишга ҳаракат қилишини айтган.
Изоҳ (0)