Тошкентда ўзгалар “дача”си орқали фирибгарлик қилган уч киши ушланди. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар берди.
Маълум қилинишича, пойтахтнинг Юнусобод туманида яшовчи Р.А. ариза билан мурожаат қилиб, OLX платформасида “Дача Чимган” эълонини жойлаган номаълум шахс билан Telegramъда дала ҳовли ижараси юзасидан келишув амалга ошириб, унинг банк картасига 700 минг сўм олдиндан тўлов ўтказиб бергани, аммо кўрсатилган манзилга етиб келганида номаълум шахс билан боғланиб бўлмаганидан кейин фирибгарлик қурбони бўлганини тушуниб етганини маълум қилиб, фирибгарларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлар давомида фирибгарлик Юнусобод туманида яшовчи, 1999 йилда туғилган Ф.Д. томонидан содир этилгани аниқланган.
Ф.Д. интернетдаги турли эълон платформаларида “Дача Чимган” деб номланувчи эълонлар жойлаштириб, турли баҳоналар орқали яна бир нечта фуқаролар пулларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб, ўз шахсий эҳтиёжи учун ишлатиб юборган.
Шунингдек, шу турдаги жиноятларни амалга оширган 2001 йилда туғилган. С.С. ва 1998 йилда туғилган Э.Х. ҳам қўлга олиниб, уларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)