Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида 24 февраль куни каналда сув босими ортиши оқибатида уйларни сув босгани хабар қилинганди. Қорақалпоғистон прокуратураси ҳолат бўйича қатор мансабдорларга жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Тошқин оқибатида шу ҳудудда яшовчи 7 нафар фуқаронинг яшаш уйи ва ёрдамчи хўжалик иншоотларига зарар етган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳатланмаган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 24 февраль соат 07:00 га қадар сув тошишини бартараф этиб, тўпланиб қолган сувдан ҳовли ер майдонлари тозаланган.
Ҳодиса жойига Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, Вазирлар Кенгаши ҳамда республика прокуратураси масъуллари етиб борган. Улар вазиятни ўрганиб, сув тошқини оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳудудий сектор раҳбарлари ҳамда бошқа масъулларга тегишли топшириқлар берган.
Ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Тўрткўл туман прокуратураси томонидан “Пахта Арна Найман” ирригация тармоқлари бошқармаси ва Тўрткўл туман Ирригация бўлими мансабдор шахслари ҳамда бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 203-моддаси (Сув ёки сув ҳавзаларидан фойдаланиш шартларини бузиш), 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) ва 229-моддаси (Ўзбошимчалик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши доирасида фуқароларга етказилган зарарни аниқлаш бўйича экспертиза тайинланган. Ҳозирда ҳодиса айбдорларини аниқлашга қаратилган тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, натижасига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Изоҳ (0)