Германияда кам учрайдиган мутация туфайли олти оёқли қўзичоқ дунёга келди. Бу ҳақда Express хабар берди.
Германиялик фермер Бранд Тинтер қўзичоқни даволашини маълум қилди. У жонивор соғлом ва тирик туғилгани, бироқ қўшимча иккита оёғи бўлгани учун ўрнидан туриб овқатланиши қийин бўлаётганини айтди. Фермер қўзичоқ "ҳақиқатан ҳам яшашни хоҳлаётганини" билдириб, уни даволамоқчилигини таъкидлади.
Қўзичоқни ўрнидан туришига ёрдам бериш учун Тинтер унинг бир оёғини бандаж билан боғлаган. Унинг фикрича, бир неча ҳафтадан сўнг жонивор пода билан яйловга чиқиши мумкин.
“У бошиданоқ яшашни жуда хоҳлади, шунинг учун унинг ўсишига имконият берамиз”, — дейди Бранд Тинтер.
Whitehouse фермаси эгаси Хизер Хогарти сўнгги 25 йил ичида бу ҳодисанинг иккинчи марта гувоҳи бўлганини айтди. Худди шундай ҳодиса 2022 йилнинг март ойида кузатилганди, жумладан, Англиядаги фермада беш оёқли қўзичоқ дунёга келганди.
"Бизда ногирон туғилган ҳайвонлар кўп, лекин уларнинг кўпи эвтаназия қилинади”, — деди аёл.
У қўзичоқнинг соғлиғи диққат билан назорат қилиниши ва ветеринария аралашувига мурожаат қилинмаслигини қайд этди.
“У нормал ҳаёт кечирар экан, уни ҳаётини сақлаб қоламиз деб ўйлаймиз”, — деди Хогарти.
Изоҳ (0)