Бундан 33 йил аввал 11 февраль куни Токиода шов-шувли жанг бўлиб ўтади, унинг натижаси жангдан-да шов-шувли бўлади. Натижа эса бутун дунёни ларзага солади. Бу жангнда Темир Майк Тайсон Жеймс Бастер Дугласга ютқазиб қўяди. Ўша оқшомда буюк нокаутчининг адаби бериб қўйилганди. “Дарё” ушбу сана муносабати билан 2022 йилдаги мақолани қайта тақдим этади.
Майк Тайсон ҳамманинг “ажали” эди. Уни ғазаб бошқарарди
Тайсон ўз фаолиятини 18 ёшида бошлаган ва дарҳол рингдаги рақибларининг додини берган. Майк бир ярим йил давомида 27 та жанг ўтказиб, ҳар бирида ғалаба қозонган, шунчаки ақл бовар қилмас тезлик. Баъзида унинг жанглари орасидаги интервал бир ҳафтани ташкил қиларди. Майк рингга чиқиб, исталган рақибини ер тишлатарди.
1986 йилда у Тревор Бербикни иккинчи раундда нокаутга учратиб, ўзининг биринчи жаҳон чемпионлигини қўлга киритади. Майк оғир вазн тоифаси тарихидаги энг ёш чемпионга айланади, жанг куни у 20 ёш-у 145 кунлик эди. Бу натижа ҳалигача янгилангани йўқ.
2,5 йил давомида Тайсон рақибларини мағлуб этавериб, WBA, IBF, WBC ва The Ring камарларини тўплаб қўйди. У оғир вазн тоифасида мутлақ жаҳон чемпионига айланганди. Фаолиятини якунлагандан сўнг боксчи ўзининг ёшлик пайтларини қуйидагича ёдга олган:
“Ўша пайтда бамисоли махлуқ бўлганман. Қўлқопларни кийиб, рингга чиққанимда шахсиятим ўзгарарди. Майк Тайсон бокс тушмасди, бу бошқа одам эди. Ўшанда зарбам билан одамларни ўлдириб қўйишим мумкинлигини ўйламаганман ҳам, чунки бу қўлимдан келарди. Гавда жиҳатидан ўзимдан каттароқ йигитларга қарши чиқардим, лекин бунга аҳамият бермаганман. Мени ғазаб бошқарарди”.
1990 йилларнинг бошларида Тайсон биринчи оғир вазн тоифасида собиқ чемпион ва чемпионликка биринчи даъвогар Эвандер Ҳолифилд билан учрашиши керак эди. Жанг узоқ вақт давомида режалаштирилади, бироқ ямайкалик Алекс Стюарт устидан қозонилган ғалабадан сўнг Ҳолифилд дам олиш ва ҳаётидаги асосий жангига тайёргарлик кўриш учун вақт сўрайди.
Тайсон жамоаси бўш туришни истамайди. Майк ўзининг сўнгги ҳимоясини 1989 йилнинг июль ойида ўтказганди ва бу пайтга келиб, рақиб излаш билан овора эди. Шунинг учун Тайсоннинг промоутери Дон Кинг унга катта жанг олдидан оралиқ ҳимоя жангини ўтказишни ва Бастер Дуглас билан машқ қилишни таклиф қилади. Тайсоннинг навбатдаги ҳимояси Токиода ўтказилиши учун японлар энг йирик бокс ташкилотларига 6 миллион доллар тўлаб беради. Кингнинг чўнтагига қанча япон пули тушгани эса ҳамон номаълум, аммо гап етти хонали сумма ҳақида кетаётгани аниқ.
Майк таклифга рози бўлади, чунки унга кимни калтаклашнинг умуман фарқи бўлмаган.
Дуглас топ-жангчи бўлмаган. У бунгача уч марта нокаутга учраганди
Бастер Дуглас 29 ёшда эди. Унинг отаси Билли “Динамит” Дуглас ҳам ўз вақтида муваффақиятли фаолият бокс фаолиятини юритган (41 ғалаба, 16 мағлубият ва 1 дуранг), аммо чемпион бўлолмаган.
Тайсон билан жангдан олдин Бастер оғир вазн тоифасининг ўртамиёна вакили эди — 30 та жанг, тўртта мағлубият (учтаси нокаут) ва фақат битта чемпионлик имконияти. 1987 йилда, Темир Майкнинг парвози эндигина бошланганида, Дуглас IBF чемпиони Тони Такерга дуч келиб, ўнинчи раундда техник нокаут билан ютқазиб қўйганди.
“Тонига ютқазганим мени кучлироқ қилган деб ўйлайман. Ҳа, мақсадимга яқин келгандим, лекин яна унга яқинлашишимни билардим. Биринчи марта мағлуб бўлиш, унвон учун курашдагидан кўра оғриқлироқ эди”, — дея ёдга олганди Дуглас.
Бастер кетма-кет олтита жангда ғалаба қозонишга улгурганди, у бу йўлда собиқ ва бўлажак чемпион Бербик ҳамда Оливер Макколни нокаутга учратган. Икки йирик ғалаба Дугласга Тайсондек йиртқичга қарши яна бир титул жанг ўтказиш имкониятини берарди. Жангдан олдин барча Бастернинг Майк учун енгил “кечки овқат” бўлиши ҳақида гапиради. Боиси Дуглас The Ring’нинг оғир вазн тоифаси рейтингида бор-йўғи еттинчи ўринни эгаллаб турганди, ҳеч ким уни жиддий қабул қилмаган.
Ҳар икки боксчи жанг олдидан муаммоларга дуч келади
1988 йилнинг охирида Майк менежер Билл Клейтон ва мураббий Кевин Руни билан хайрлашади. Руни билан хайрлашиш Тайсоннинг жисмоний ҳолати ва техникасига жиддий таъсир ўтказади. Кевин Майкнинг чемпионлик услуби чархланишида муҳим рол ўйнаган ва Кас Д’Аматонинг ўлимидан сўнг мураббийлик ролини ўз қўлига олганди. Руни кетганидан сўнг Майк эски тактика асосида иккита жангда ғалаба қозонади, аммо Дугласга қарши баҳсда мураббийнинг бурчакда йўқлиги яққол билинади.
1989 йилнинг февраль ойида Тайсон яна бир зарба қабул қилиб олади — биринчи рафиқаси Робин Гивенс билан ажрашиш жараёни бошланади. Никоҳ роппа-роса бир йил давом этганди. Гивенс эрининг ўзини тутишидан қўрқишини маълум қилган — боксчи актрисани хиёнат қилишда айбларди. Майк ажримга эътибор бермаганини айтган бўлса-да, ўзини тутишида ўзгаришлар кузатилган.
Тайсон машғулотларга жиддий ёндашмаган. Ҳатто Дуглас билан жанг олдидан унинг спарринг пайтида бир неча марта нокдаунга учраганлиги ҳақида ҳам миш-мишлар тарқалди.
“Машғулотларга бепарво муносабатда бўлганман деб айта олмайман. Аммо жанглар орасида ўзимга жуда кўп нарсани раво кўрардим. Қизлар, гиёҳванд моддалар — хуллас, ҳамма нарса бор эди. Лекин Дуглас қарши жанг олдидан залга қатнаганман — буни аниқ эслайман. Ўша пайтда шунчаки машғулот ўтказардим ва аёллар билан муносабатда бўлардим. Бу нарса Японияга учиб борганимизда ҳам давом этди. Бастерни ўрганиб чиқдимми? Йўқ, албатта. Унинг бирорта жангини кўрганим йўқ”, — деганди Майк.
Дуглас ҳам яхши ҳолатда эмасди. Бастернинг ҳаётида уч нафар севимли аёл бўлган: онаси Лула, рафиқаси Берт ва маъшуқаси Доррис. У бир лаҳзада уларнинг барчасидан айрилади. Жангдан бир ой олдин хотини нарсаларини йиғиб, уйдан чиқиб кетади. Боксчига ўғил фарзанд туғиб берган Доррис эса лейкемия билан оғриб, касалхонада ҳаёт учун курашаётганди. Тайсон билан учрашувдан уч ҳафта олдин эса онаси Лула вафот этади. Бастернинг менежерлари унга Япониядаги жангдан бош тортишни таклиф қилади, айниқса Лула ундан “қутурган ҳайвон” (Тайсон назарда тутилмоқда) билан рингга чиқмасликни сўраган. Аммо боксчи жанг қилишга қарор қилади: “Онам учун ғалаба қозонишни хоҳлагандим. Агар жангни бекор қилганимда, қўрқоқ ва ношуд бўлардим”.
Дугласнинг муаммолари шу билан тугамайди. Рингга чиқишдан бир кун олдин спортчи шамоллаб қолади — эҳтимол иқлимнинг кескин ўзгариши бунга таъсир қилгандир. Жангчининг ҳарорати 38 даражага кўтарилади, у кеча-ю кундуз антибиотиклар қабул қилса-да, мақсадидан воз кечмайди.
Жанг олдидан Дугласга ҳеч ким ишонмасди, ҳатто Биллининг отаси ҳам ўғлига осон бўлмаслигини айтган. Букмекерлар эса унинг ғалабасига ақл бовар қилмас даражадаги коэффициентлар қўяди. Мутахассислар бир овоздан Тайсоннинг рақибини йўқ қилиб юборишини билдиради, Associated Press журналисти Эд Шуйлер эса бўлажак жанг ҳақида кулги аралаш шундай дейди: “Токиода қанча вақт ишлайман? Менимча, 90 сониядан кўп эмас”.
Дуглас Тайсонни “запчаст”ларга бўлиб ташлайди. Майкнинг жамоаси жангга тайёр эмасди
Майк рингга чиққанида ўзига ўхшамасди. “Унинг кўзларида олдинги жангларда бўлган ваҳшийлик кўринмасди. Унинг ўша пайтдаги фикрлари Токиода бўлмагандек туюларди”, — деганди бокс эксперти Ларри Мерчант.
Бастер эса аксинча кучли важоҳат билан рингга чиққан. Оилавий муаммолар уни фақат кучли қилганди — у қасос олишни хоҳларди. Тайсоннинг олдинги рақибларининг кўзида қўрқувни кўриш мумкин бўлса, Бастерда бу нарса бўлмаган. У биринчи раундларданоқ рақибини жеблар билан “сийлади”, бўйи ва қўлларининг узунлигидан унумли фойдаланиб, моҳирлик билан масофа сақлади. Темир Майкнинг ҳужумларини хотиржамлик билан бартараф этади.
Тайсон фақат тўғридан ҳужумлар уюштирди. Унинг зарбаларга чап берган ҳолда эгилиб, пастдан йўлланадиган кучли зарбалар комбинацияси йўқолиб қолганди. Майк олдинга борса-да, ҳеч қандай вариант топа олмайди — Дуглас унинг ҳаракатларини олдиндан ўқирди. “Биринчи раунддаёқ унинг учлигига дош бердим — иккита зарба елкаларим ёнидан ўтиб кетди. Ўшанда у ўйлаганимдек қўрқинчли эмаслигини тушунганман”, — дея эслаганди Дуглас ўша жангни.
Бастер ишончли тарзда кучли ва аниқ жеблар билан жанг тизгинини ўз қўлига олди. Дуглас камдан-кам ҳолларда ўнг қўлини (асосий қуроли) ишга соларди, аммо керакли вазиятларда бундан “уялиб ўтирмасди”. Жеб эвазига у рақиби устидан асосий стратегик устунликка эришди, бешинчи раундда гематома туфайли чемпионнинг чап кўзи шикастланди. Бундан ташқари Тайсонда яна бир муаммо пайдо бўлди: унинг бурчаги жангга тайёр эмас эди — мураббий Аарон Сноуэлл ҳатто шикастланиш ҳолатлари учун махсус дазмол ва муз борлигига ҳам ишонч ҳосил қилмаганди. Майкнинг юзидаги жароҳатларни музли сув билан тўлдирилган тиббий қўлқопда даволашга ҳаракат қилинди. Машҳур мураббий Тедди Atlas ушбу жангдан сўнг машҳур иборасини айтганди: “Тайсоннинг бурчагида бир гала аҳмоқлар йиғилган, улар ҳатто балиққа ҳам сузишни ўргата олмайди”.
Майкка айнан Кевин Руни етмишмайди. Тайёргарлик вақтида ҳам унинг бўлмагани рингда ўз исботини топади. Кевин керакли вақтда чемпионнинг қайноқ шижоатини жиловлай олар, бундан ташқари, мураббий жанг пайтида ҳам рақибларнинг ҳаракатига баҳо бериб, Тайсонга муҳим кўрсатмалар берарди, натижада жангларнинг тақдири бутунлай бошқа томонга ўзгариб кетарди.
Тайсон раунддан раундга кучини йўқотарди, шунга қарамай рақибини нокдаун ҳолатига туширишнинг уддасидан чиқди. Саккизинчи раунд охирида чемпион ажойиб апперкот зарбасини йўллайди. Ҳакам саноқни жуда секин олиб боради ва тўққизинчи сонияда Бастер ўрнидан туради. Шу онда гонг янграйди.
Икки раунддан кейин, эҳтимол, бокс тарихидаги энг катта мағлубият юз беради. Бу худди фильмлардагидек эди:
- Дуглас апперкот йўллади — ҳолдан тойган Тайсон мувозанатни йўқотди;
- Дуглас тўрт зарбадан иборат комбинациясини Майкнинг боши томон йўллаб, уни тамомила қийин аҳволга тушириб қўйди;
- Тайсон йиқилди, тиззасига ўтирган ҳолда капасини оғзига солишга ҳаракат қиларди;
- Ўн саноғи янграганда ўрнидан турди, бироқ зўрға оёқда турарди. Шундан сўнг ҳакам жангни тўхтатди ва бокс тарихидаги энг шов-шувли мағлубиятни қайд этди.
Жанг тўхтатилганда ҳакамларнинг фикрлари кескин фарқ қиларди: америкалик Ларри Росадиля ғалабани Дугласга (88-83) берган бўлса, япониялик Кен Морита (87-86 Тайсон фойдасига) ва Масаказу Учида (86-86) бошқача фикрда эди. Агар Тайсон якуний гонгга қадар “туриб берганида” жанг дуранг ёки унинг ғалабаси билан якунланиши ҳам мумкин эди.
Бу ғалаба онам учун, у ҳаётимдаги асосий аёл. У бўлмаса, мен ҳам бўлмасдим. Яратган уни нариги дунёда ҳам асрасин, — деганди Бастер жангдан кейин.
Аммо Дуглас ғалабадан тўлиқ роҳатлана олмайди. Тайсоннинг промоутери Дон Кинг ҳакамнинг ҳаракатлари устидан апелляция беради. Кингнинг фикрича, ҳакам саккизинчи раундда, Бастер нокдаунга учраганида саноққа жуда кўп вақт сарфлаган — тўлиқ 13 сония. Аммо IBF дарҳол Дугласнинг ғалабасини қонуний деб тан олди, тўрт кундан кейин WBC ва WBA ҳам бу қарорга қўшилди. Мустақил комиссиялар маълумотларига кўра, саноқ пайтида ҳакам вақтга эмас, боксчининг ҳолатига эътибор қаратади. “Кинг — ярамас одам. У ҳаётимдаги энг яхши тўрт кунни ўғирлади. Ғалабадан хурсанд бўлиш ўрнига, комиссиянинг қарорини кутдим”, — деганди Дуглас.
Бастер Япониядаги жанг учун 1,3 миллион доллар олади. Тайсоннинг гонорари эса 6 миллион долларни ташкил қилган. Аммо бутун дунё бўйлаб мухлислар жангнинг адолатли ўтганига шубҳа билан қарайди: кўпчилик Майкни мағлубият учун “қора гонорар” олган ва кейинроқ катта пул эвазига реванш ўтказади деган фикрни илгари сурган.
Дуглас навбатдаги жангида чемпионликни бой беради
Дуглас ва Тайсон бошқа рингда учрашмайди. Уларнинг фаолияти турли йўналишлар бўйича кетади. 1990 йил охирида Бастер учинчи раундда Ҳолифилдга нокаут билан ютқазиб, барча унвонларини йўқотади. Дуглас ҳимоя жангига мутлақо тайёр эмас эди — у Майк билан жангдагидан 7 кг оғирроқ бўлиб, рингга чиқади. Ларри Мерчант чемпионга қараб, шундай деганди: “Қорнига қаранг! Бу ҳақиқатан ҳам Тайсоннинг адабини берган йигитми?” Жангдан сўнг Бастер дарҳол фаолиятини якунлади.
Ҳолфилд билан жангдан олдин Кинг Дугласга Тайсон билан реванш жанги учун 10 миллион доллар таклиф қилган. Бастер таклифни рад этади. Ҳолифилд билан жанг учун турли ҳисоб-китобларга кўра, у 17 дан 25 миллион долларгача олган.
Дуглас кейинги йилларини пулларни совуриш ва маишатга сарфлайди. Бир неча йил ўтгач, боксчи 180 кг вазнга эга бўлди ва ҳатто диабетик комага ҳам тушиб қолади. Соғайганидан сўнг эса Бастер спорт залига қайтади ва 1996 йилда фаолиятини қайта тиклайди. Тайсон ва Ҳолифилд билан жанглар учун олинган гонорарлар беш йил ичида тугаб бўлганди. Дуглас таниқли бўлмаган бир қанча рақибларга қарши яна саккизта жангда ғалаба қозонади, Рой Жонс билан дуэл учун муваффақиятсиз музокаралар олиб боради, Лу Саваризга уч дақиқада нокаут билан ютқазади ва ниҳоят 1999 йилда спортни бутунлай тарк этади. Дуглас ҳозирда Огаёда бизнес билан шуғулланмоқда (меҳмонхона ва бир нечта дўкон фаолиятини йўлга қўйган), шунингдек Колумбусда спорт зали очган.
Тайсон Бастерга мағлуб бўлганидан тўрт ой ўтиб, рингга қайтди ва уч дақиқада Генри Тиллманни тинчитди. Шундан сўнг Темир Майк яна бир йил жанг қилади (учта жанг) ва 18 ёшли модел Дезир Вашингтонни зўрлагани учун уч йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 1995 йилда Майк рингга қайтиб, яна чемпион бўлади, аммо Ҳолифилд билан жангдан кейин унвонини йўқотади. Кейин ҳаммага маълум бўлган воқеалар: бир нечта ғалаба, Леннокс Льюисдан даҳшатли нокаут, қўлқопларнинг михга илиниши ва банкротлик.
Изоҳ (0)