21 январь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Қирол учун гильотина — Людовик XVI нинг қатл этилиши, Франция қироли учун тайёрланган «Сальера»нинг ўғирланиши ҳамда товушдан тез учадиган йўловчи самолёт — «Конкорд»лар тақдирига оид фактлар ўрин олган.
Қирол учун гильотина — Людовик XVI нинг қатл этилиши
1793 йил 21 январь куни Франция қироли Людовик XVI гильотинада қатл этилганди. 1774 йилда тахтга ўтирган қирол мутлақ монархия бир неча йил ичида қулашини хаёлига ҳам келтирмаган эди.1789 йилда бош кўтарган парижликлар Бастилияга штурм уюштирган вақтда қирол «Ахир бу қўзғолон-ку!», деганди. «Йўқ, ҳазрати олийлари, бу инқилоб», — дея жавоб қайтарган эди монархга яқин инсонлардан бири. Инқилобчилар Людовик XVI нинг расман ҳокимиятдан четлатилишига эришмаган. Лекин кундан кунга у ўз ваколатларини қўлдан чиқара бошлаган. Қирол қаршилик кўрсатиш иродасини кўрсатмаган, уни бефарқлик эгаллаб олган. Шу билан бирга, унга яқин бўлганлар қирол Парижни тарк этиши ва хавфсиз жойга бориб, инқилобга қарши курашга бошчилик қилиши керак деб ҳисоблаган.
Буни тезда амалга ошириш осон эмасди. Монархлар оиласи Париждаги Тюилри саройида Жилбер Лафает бошчилигидаги Миллий гвардия қўриқлови остида бўлган. Бир томондан Лафает Людовик XVI ҳамда унинг оиласи дахлсизлиги кафолати бўлган бўлса, иккинчи томондан — уларнинг барча ҳаракатларини назорат қилган. Шу сабабли қирол ҳамда унинг яқинлари мавқейини «имтиёзларга эга асирлар», деб аташ мумкин эди.
1790 йил сентябрда қирол атрофидагилар уни қочишга тайёргарликни бошлашга кўндирган. Бу орқали монарх қироллик оиласига содиқ бўлган маркиз де Буенинг қўшинлари жойлашган Монмеди қалъасига етиб олишни режа қилган.
Орадан бир йил ўтгач, 21 июнь кечаси қироллик оиласи яширин равишда Тюилри саройини уч нафар тансоқчи ҳамроҳлигида тарк этади. Қирол маҳрамлар кийимини кийиб олган, бироқ унинг ташқи кўриниши барибир кўпчиликка маълум бўлган. Сент-Мену шаҳрида қиролни почтмейстер Жан-Батист Друe пайқаб қолган. Друe унинг қирол эканига 100 фоиз ишонч ҳосил қилиш учун Варенн шаҳри томон ҳаракатланган каретанинг ортига тушган.
Фитначиларнинг режасига кўра, Вареннда қиролни гусарлар (енгил кавалерия аскарлари) бўлинмаси кутиб олиши керак эди, уларнинг вазифаси қиролга ҳамроҳлик қилиш бўлган. Варенн дарё билан икки қисмга ажратилган ва гусарлар унинг шарқий қисмига жойлашган, қочоқлар бор карета эса шаҳарнинг ғарбий томонига келган. Людовик XVI га ҳамроҳлик қилувчилар вазиятга ойдинлик киритгунга қадар, Друe етиб келиб, тревога кўтарган. Миллий гвардиянинг маҳаллий қисмлари шаҳарнинг икки қисмини бирлаштириб турувчи кўприкни ёпиб қўйиш орқали гусарларнинг қиролга ёрдамга келишига йўл бермаган. Қочоқлар қўлга олиниб, Парижга хабар юборилган. Гусарлар, шунингдек, ёрдам сўраб чопар йўллаган. Вареннга қиролга содиқ кучлар етиб келгунича, монарх ва унинг оиласи Парижга қайтариб бўлинган.
Людовик XVI нинг қочиши унинг ҳолатини сезиларли даражада ёмонлаштирган. Халқ уни хиёнатда айблаб, монархни судга беришни талаб қила бошлаган. Бундан ташқари, қиролнинг ўзи ҳам инқилобий парламент қарорларини тасдиқлашдан бош тортиш орқали бунга сабаб яратиб берган.
Людовик оиласи билан бирга Тампл қасрига қамалган ва миллий озодлиги ҳамда давлат хавфсизлигига қарши қатор жиноятларни содир этишда айбланган. 1792 йил ноябрда ўтказилган тинтувда ичи ҳужжатларга тўла темир шкаф топилганди. Айблов версиясига кўра, у ердаги ҳужжатлар Людовик XVI нинг мигрантлар билан алоқада бўлган, хориж монархлари билан яширин музокаралар олиб боргани, инқилоб етакчиларини сотиб олишни режалаштирганига далил бўла олган.
10 декабрь куни Миллий конвентда қиролга қарши суд иши бошланган. Монарх ўзига нисбатан илгари сурилган барча айбловларни рад этган. Асосий масала суд унга қандай жазо тайинлашида эди.
1789 йил 15 январдан 19 январга қадар овоз бериш жараёнлари ўтказилган. Миллий конвентнинг ҳар бир аъзоси тўртта саволга асосли жавоб қайтариши керак эди: фуқаро Луи Капетнинг айбдорлиги (инқилобчилар қиролни шундай атаган) бўйича, қиролга жазо тайинлашда умумхалқ референдумини ўтказиш, қиролни қатл этиш ҳамда қиролни афв этиш эҳтимоллиги бўйича.
Миллий конвентнинг барча аъзолари Людовик XVI ни айбдор деб топишга овоз берган, референдум ўтказиш таклифи рад этилган. 16 январда ўлим жазосини қўллашга овоз бериш бошланган. Депутатлар орасида бирдамлик бўлмаган, шу боис унинг якуний қарори қандай бўлишини ҳеч ким билмасди. Овоз беришда иштирок этган 721 депутатнинг 387 нафари ўлим жазосини маъқуллаган, бўлса, 334 нафари бунга қарши бўлган. Ҳукмни ижро этиш 1793 йил 21 январь санасига белгиланган.
20 январь кечаси Людовик XVI га оиласи билан видолашишига рухсат берилган. Шундан кейин қирол 02:00 га қадар роҳиб билан гаплашиб ўтирган, кейин ухлашга ётган. Эрта тонг соат 05:00 да уни уйғотишган ва қирол камердинер ёрдамида ўзини тартибга келтириб, яна роҳиб билан мулоқот қилган.
Монарх ва жаллод ўртасида баҳс юзага келган. Янги қатл қуролини тезда ўзлаштириб олган Сансон барча жараённи ижро этишга ғоят катта аниқликда ҳаракат қилган. Ўлимга маҳкум этилганнинг қўли боғланиб, доскага қотирилиши керак эди. Людовик буни ҳақорат деб қабул қилган ва бўйсунишдан бош тортган.
Сансон ўзининг олти нафар ассистенти билан куч ишлатишга тайёр эди. Роҳиб вазиятга аралашиб, қиролни бундай ўлим жазосини мардонавор кутиб олишга кўндирган. «Билганингларни қилинглар», — деган қирол.
Барабан садолари остида Франциянинг собиқ қироли боши гильотина пичоғи остида қолган. Шарл-Анри Сансон уни ҳаракатга келтирган. Людовик XVI оломоннинг «Яшасин инқилоб!» дея чинқириқлари остида бошидан айрилган. Қиролнинг жасади умумий қабрга кўмилган. 1893 йил октябрда унинг рафиқаси қиролича Мария-Антуанетта ҳам шундай тақдирни бошидан ўтказган.
Умри давомида 2918 та қатлни амалга оширган ва қироллик оиласи аъзоларининг бошларини танасидан жудо қилган Шарл Анри Сансон истеъфога чиққан ва 1806 йили 67 ёшида ўз ўлими билан вафот этган.
Франция қироли учун тайёрланган «Сальера»нинг ўғирланиши
2006 йилнинг 21 январь санасида Австриянинг Светл шаҳри яқинидаги ўрмондан қўрғошиндан ишланган қути ичидан 1543 йилда заргар Челлини томонидан ясалган «Сальера» ҳайкалчаси топилган эди.Sslirts французчадан «туздон» дея таржима қилинади. Стол устига жойлаштиришга мўлжалланган мазкур тилла ҳайкалчани флоренсиялик машҳур заргар Бенвенуто Челлини 1543 йилда Франция қироли Франсиск I учун тайёрлаган эди. Ҳайкалчанинг усти қисман эмал билан ҳам қопланган. Мазкур санъат асари мареризм даврига тааллуқли бўлиб, декоратив ҳунармандчилик санъатининг юқори чўққиси ҳисобланади.
Аввалига туздонни кардинал Ипполито дъЭсте буюртма қилган. Айнан ўшанда Челлини Серера ва денгиз (Нептун) рамзларини ўзида мужассам этган аллегория шаклида туздонни тайёрлаш ҳақида ўйлаган. Челлини ушбу ғояси ҳақида ўз автобиографиясида ёзган, бироқ уни француз монархидан 1540 йил бошида келиб тушган буюртмадан кейин амалга оширишга қарор қилган.
Нептун ҳайкали денгиз отларининг устига ўрнатилган бўлиб, у туз жойлашган кема қаршисида жойлашган. Серера (ҳосил ва унумдорлик маъбудаси) эса фил устига жойлаштирилган бўлиб, унинг ёнида триумфал арка очилар ва у қалампир учун мўлжалланган. Сереранинг оёқлари олдига самандар ўрнатилган. Мазкур жонзот Франсиск I нинг гербидан ўрин олган бўлиб, туздон буюртмачисига аллюзия ҳисобланади. Туздоннинг асоси обнус ёғочидан ишланган ва нур ҳамда қуёш томонлари рамзи бўлган тўртта путти (болакай кўринишидаги бадиий образ) билан безатилган. Асоси ёғоч роликларга ўрнатилган, шундай экан туздонни кўтармасдан, стол устида силжитиш мумкин.
«Сальера» — Челлинининг ўзи томонидан яратилган ягона заргарлик иши бўлиб, бу унинг қийматини янада оширади. 1570 йилда қирол Карл IX туздонни эрцгерцогиня Елизавета билан унаштирувида қирол номидан қатнашган Фердинанд Тиролскийга топширган. XIX асрга қадар «Сальера» Инсбрукдаги Амбрасс қалъасида сақланган. Венада Тарих санъати музейи ташкил этилгач, туздон Австрия пойтахтига кўчирилган.
2003 йил 11 май куни «Сальера» таъмирлаш учун вақтинча ёпилган музейдан ўғирлаб кетилган. Мутахассислар томонидан ҳайкалча 50 миллион еврога баҳоланган бўлса-да, Австрия ҳукумати туздонни қайтарган инсон учун 70 минггина евро таклиф этган. Бунга санъат асарини барибир юқори даражада сотиш имконияти йўқлиги сабаб қилиб кўрсатилган. «Сальера» бозор нархининг ярми миқдорида суғурта қилинган эди, чунки ҳеч ким шедеврни ростдан ўғирлаш эҳтимоллигини жиддий қараб чиқмаган.
Музей маъмурияти ҳақ бўлиб чиққан: 2006 йил 21 январь куни полициячилар машҳур ҳайкалчани топишга муваффақ бўлган. У қўрғошиндан ишланган қути ичида Светл шаҳри яқинидаги ўрмонга кўмиб кетилган эди.
Товушдан тез учувчи йўловчи самолётларининг тақдири
1976 йил 21 январь куни «Конкорд» авиалайнери Лондондан Баҳрайнга учиб, ўзининг биринчи тижорий рейсини амалга оширган эди. 2003 йил 24 октябрда эса товушдан тез йўловчи самолётлари даври тугаган — афсонавий «Конкорд» ўзининг охирги рейсини амалга оширганди.1950 йилларда товушдан тез учувчи ҳарбий самолётлар, жумладан, бомбардимончилар пайдо бўлганидан кейин бирданига бир нечта давлат бундай технологиядан йўловчи авиациясида ҳам фойдаланишни бошлаган. «Конкорд»нинг илдизлари бир-биридан мустақил равишда иш олиб борган икки гуруҳга бориб тақалади: Буюк Британияда лойиҳа устида Bristol Aeroplane Company компанияси иш олиб борган бўлса, Францияда товушдан тез самолёт лойиҳасини Sud Aviation ишлаб чиққан.
Иккала фирма ҳам давлат бюджетидан молиялаштирилган бўлса-да, тез орада улар ўз саъй-ҳаракатларини бирлаштирибгина бирор натижага эришиш мумкинлигини тушуниб етади. Натижада 1962 йили ҳукуматлар ўртасида ўтказилган музокаралардан кейин Concorde («Келишув») қўшма дастури пайдо бўлган. Британлар компания номи французча ёзилишидан бироз хафа бўлган, бироқ охир-оқибат улар бунга кўнишга мажбур бўлади.
«Конкорд»нинг биринчи прототипи 1969 йили Le Burje авиасалонида тақдим этилган, орадан етти йил ўтгач эса ундан тижорий мақсадларда фойдаланиш бошланган: British Airlines борти Лондондан Баҳрайнга учганди.
Лойиҳа бошидаёқ авиакомпанияларнинг товушдан тез самолётлар ҳақидаги фикрлари ўзгаришни бошлаган. Ўша вақтда бозорга Boeing 747 самолётларини тақдим этган компания уни юк ташувчига айлантиришга тўғри келиши мумкинлигидан хавфсираган. Аммо икки йилдан кейин компания бир неча сабабларга кўра, «Конкорд» борасидаги фикрларини ўзгартирган. Биринчидан, ўрта синфда узоқ парвозлар тезкор парвозлардан кўра оммалашган. Иккинчидан, ўша йиллари нефть инқирози бошланиб, иқтисодий жиҳатдан «Конкорд»лар жозибадорлиги йўқолишига олиб келган. Шу боис олдиндан берилган 74 та буюртманинг фақат 14 таси серияли самолётга айланган.
Шунга қарамай, «Конкорд» 30 йил давомида учган. Унинг фаолияти якунланишига 2000 йилда Париж яқинида содир бўлган авиаҳалокат сабаб бўлган. Ҳавога кўтарилган бир неча дақиқа ўтиб, Air France F-BTSC борти Франция пойтахти яқинидаги меҳмонхонага келиб урилган. Шундан сўнг «Конкорд»лар парвозлари тўхтатилган. Кейинроқ парвоз сертификати қайта тикланган, аммо унинг тақдири ҳал этиб бўлинганди — авиакомпаниялар бирин-кетин ундан воз кечган.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)