Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Жиззах вилоятида ўтказилган ўрганишда вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан тиббиёт ускуналари харид қилишда қонунбузилишларга йўл қўйилгани аниқланди.
Хусусан, мазкур Тиббиёт маркази 2021 йил 22 декабрдаги шартномага асосан «Э.М.С.» МЧЖдан 245,2 миллион сўмга 2021 йилда Германияда ишлаб чиқарилган Eskulap моделдаги жарроҳлик ускуналарини харид қилиши белгиланган.
Товар етказиб берувчи масъулияти чекланган жамият томонидан 2021 йил 28 декабрдаги ҳисобварақ-фактурага кўра, ушбу моделдаги жарроҳлик ускуналари Тиббиёт марказига етказилгани ҳақида ҳужжат расмийлаштирилган.
Бироқ ўрганишлар мобайнида шартномада қайд этилган жарроҳлик ускуналари аслида мавжуд эмаслиги, янги тиббий ускуна ўрнига эски — 1994 йилда Россияда «Волжский УТЁС»да ишлаб чиқарилган жарроҳлик ускуналари олиб келингани ҳамда улар яроқсиз ҳолатда экани аниқланди.
Тиббиёт марказининг масъул шифокор ва ходимлари ўз раҳбариятига ушбу тиббий ускуналар SanPiN талабларига жавоб бермаслиги ва бошқа ҳолатлар тўғрисида 2022 йил 19 февралда билдиришнома билан мурожаат қилинган бўлишига қарамай, раҳбарият томонидан ҳолат бўйича ҳеч қандай чора кўрилмаган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан тўпланган материаллар агентлик томонидан қонуний қарор қабул қилиш учун Бош прокуратурага юборилган. Жиззах вилояти Кўп тармоқли тиббиёт маркази мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)